Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ижтимоий тармоқларда ўқитувчилар ўртасида дарс соатларини тақсимлаш тартиби ўзгаргани ҳақида тарқалган хабарларга расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, 2025 йил 28 октябрда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма қарори билан «Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда тарификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисида»ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган ҳамда у Адлия вазирлигида 3271-1 рақами билан давлат рўйхатидан ўтказилган.

Вазирликка кўра, мазкур ўзгаришлардан асосий мақсад ўқитувчиларнинг иш юкламасини камайтириш, дарс соатларини тақсимлаш талабларини соддалаштириш ва жараённи янада шаффоф ҳамда адолатли ташкил этишдан иборат.

Янги тартибга мувофиқ, дарс юкламасини тақсимлашда қўлланилган устуворлик мезонлари 19 тадан 10 тага қисқартирилган. Бу ўзгаришлар кўплаб педагогларнинг таклифлари асосида ишлаб чиқилган.

Хусусан, барча ўқитувчилар учун тенг имконият яратиш мақсадида дунёнинг топ-1000 университетларини тамомлаганлик ёки халқаро ва асосий фан олимпиадаларида ўқувчилари ғолиб бўлган ўқитувчиларга устуворлик берувчи мезонлар бекор қилинган.

Энди дарс соатларини тақсимлашда педагогнинг касбий маҳорати, миллий ёки халқаро сертификатларга эгалиги, замонавий компетенциялари ва таълимда эришган натижалари асосий мезон сифатида инобатга олинади.

Вазирликнинг таъкидлашича, мазкур тартиб ўз устида мунтазам ишлайдиган, юқори касбий салоҳиятга эга ва сифатли таълим берадиган ўқитувчиларни рағбатлантириш, таълим сифати ҳамда ўқувчиларнинг билим даражасини янада оширишга хизмат қилади. Янги тизим 2026–2027 ўқув йилидан амалиётга жорий этилади.