Одатдагидек, энг шов-шувли трансферлар охирида амалга ошади.

Жаҳон чемпионати трансфер янгиликларини вақтинча сояда қолдирганди. Аммо турнир якунланганидан кейин айнан трансферлар футбол кун тартибидаги асосий мавзуга айланди. Ёз бошидан буён бир қанча йирик трансферлар амалга ошиб бўлди, жумладан, бир неча клуб юз миллион евродан ошувчи харидларни амалга оширди. Аммо катта эҳтимол билан, энг қизиқ трансферлар ҳали олдиндан. Дедлайн яқинлашгани сайин музокараларда кескинлик кучайиб боради ва шов-шувли ўтишлар эҳтимоли ортади. Қуйида август ойида трансфер бозорида рўй бериши мумкин бўлган асосий ўзгаришлар ҳақида.

Бруно Гимарайш, 28 ёш

Позиция: марказий яримҳимоячи
Қаердан: «Нюкасл»
Қаерга: «Арсенал»
Нархи (Transfermarkt бўйича): 70 миллион евро

Бразилиялик ушбу яримҳимоячи 1/8 финалда Норвегия билан ўйинда пеналтини уролмаган бўлса-да, жаҳон чемпионатини муносиб ўтказди. У ўз ҳисобига тўртта голли узатмани ёзиб қўйди ва ўзининг юқори даражасини яна бир бор исботлади. Ушбу бразилиялик футболчига анчадан буён Европа грандлари қизиқиш билдириб келмоқда ва у унинг ўзи ҳам янги босқичга ўтишга тайёр.

«Нюкасл» янги мавсумга таркиби кучсизланган ҳолда етиб келмоқда – Сандро Тонали, Энтони Гордон ва бош мураббий Эдди Ҳау кетишди, энди эса Бруно «Арсенал»га йўл олиши кутилмоқда. L'Equipe маълумотига кўра, «Арсенал» ушбу футболчи трансферини 90 миллион евро эвазига ҳал қилишга яқин. Томонлар сўнгги деталлар бўйича келишиб олиши қолган.

Брэдли Барколя, 23 ёш

Позиция: чап қанот вингери
Қаердан: «ПСЖ»
Қаерга: «Ливерпул»
Нархи: 90 миллион евро

Барколя 2025/26 йиллар мавсумида Луиса Энрике жамоасида асосий таркиб футболчиси эмасди. Шу билан бирга, испаниялик мураббий тез-тез ротацияга қўл урди ва шу туфайли француз футболчиси мунтазам равишда майдонга тушди ва «ПСЖ»нинг чемпионатдаги энг яхши тўпурарига айланди.