Жамият | 18:25 / 14.10.2025
18422
3 дақиқада ўқилади

Чинозда йўлни тўсиб, оммавий тартибсизлик уюштиришга уринган шахслар озодликдан маҳрум қилинди

Улар одамларни “метан-заправка”га бормасдан, катта йўлни тўсишга даъват қилишган. Сўнгра АГТКШда газ тўлдириш учун навбат кутиб турган ҳайдовчини HOWO юк машинаси билан “Тошкент-Термиз” йўлини тўсиб қўйишга мажбурлашган. Суд ҳукмида судланувчилар бу орқали оммавий тартибсизлик келтириб чиқаришни мақсад қилишгани айтилади.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Чинозда оммавий тартибсизлик келтириб чиқармоқчи бўлган икки киши жиноий жазога тортилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти судлари ахборот хизмати хабар берди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, Тошкент вилоятининг Чиноз туманида яшовчи 33 ёшли А.О. ва 40 ёшли Б.Ш. 2025 йил 4 март куни ўзаро тил бириктириб, оммавий тартибсизлик келтириб чиқаришга уринишган. Хусусан, А.О. бундан бир кун олдин, яъни 3 март куни ўзининг Telegram профили орқали гуруҳлардан бирига видеохабар йўллаб, одамларни автомашиналарга газ тўлдириш шохобчасига бормасдан, М-39 “Тошкент-Термиз” йўлини тўсишга даъват қилган. Шунда масъул раҳбарлар келиб, автомашиналарга газ тўлдириш шохобчасини очиб беришини айтган.

Шундан сўнг улар 4 март куни соат 11:40 ларда М-39 “Тошкент-Термиз” йўлининг Чиноз тумани, Марказий маҳалласи ҳудудидан ўтган қисми яқинидаги “метан-заправка”га келишган. А.О. ва Б.Ш. бу ерда автомобил йўлини тўсиш ва шу орқали оммавий тартибсизликлар келтириб чиқаришни мақсад қилган. Улар шохобчада навбатда турган ҳайдовчиларга биргаликда йўлни ёпиб қўйишни айтган. Кейин газ тўлдириш учун навбатда турган фуқаро Ш.М.ни бошқарувидаги HOWO юк машинаси билан йўлни тўсиб қўйишга мажбурлашган.

Шу тариқа А.О. ва Б.Ш. юк машинаси билан “Тошкент-Термиз” йўлининг Тошкент шаҳрига кетиш йўналишидаги қисмини тўсишган. Оқибатда йўлнинг қатнов қисмида тирбандлик юзага келиб, фуқаролар оммавий тўпланган. А.О. ушбу ҳолатни телефонида тасвирга олиб, Telegram гуруҳда тарқатган.

Бундан ташқари, А.О. туҳмат ҳамда жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш жинояти билан ҳам айбланган.

А.О. судда айбига қисман иқрор бўлиб, одамларни оммавий тартибсизликка даъват қилмаганини, юк машинаси ҳайдовчисига йўлни тўсишни айтмаганини билдирган. У оилада ёлғиз боқувчилигини маълум қилиб, суддан енгиллик сўраган. Б.Ш. ҳам шунга ўхшаш кўрсатма берган.

ЖИБ Оққўрғон туман судининг 2025 йил 13 октябрдаги ҳукми билан А.О. Жиноят кодексининг 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди, 244-1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди ва 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) 2-қисми “а,б” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 5,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Б.Ш. эса Жиноят кодексининг 244-моддаси 2-қисми “а,б” бандлари билан 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилган. 

Мавзуга оид