Президент Шавкат Мирзиёевга энергетика тармоғи олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари юзасидан ахборот берилди.

Тақдимотда ўтган ҳафта энергетика вазири этиб тайинланган Шерзод Хўжаев, президентнинг ёқилғи-энергетика масалалари бўйича маслаҳатчиси Беҳзод Норматов ва бошқалар иштирок этди.

27 июл куни давлат раҳбари раислигида ёқилғи-энергетика тармоғидаги устувор масалалар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди. Унда соҳадаги бошқарув, жойларда электр ва газ таъминоти барқарорлиги, авариялар ҳамда энергия йўқотишларини қисқартириш борасидаги ишлар танқидий таҳлил қилинган эди.

Хусусан, электр ва газ таъминоти билан боғлиқ ишларни “туманбай” ва “маҳаллабай” ташкил этиш, ҳудудларнинг энергия истеъмоли балансини шакллантириш, тармоқлар ва ускуналарни хатловдан ўтказиш, куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш бўйича вазифалар белгиланган эди.

Тақдимотда Энергетика вазирлиги, “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти ва Ўзэнергоинспекция янги раҳбариятининг мазкур топшириқлар ижросини ташкил этиш борасида олиб бораётган ишлари ҳамда келгуси режалари кўриб чиқилди.

Ҳозирда Янгийўл туманида электр ва газ таъминотини яхшилаш бўйича махсус штаб фаолият юритмоқда. У ерда тадбиркорлар ва аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, узилишлар, қувват етишмаслиги, газ босимининг пасайиши, техник шартлар олиш ва қарздорлик билан боғлиқ мурожаатлар бевосита ўрганилмоқда.

Янгийўл тумани тажрибаси асосида бошқа 13 та туманда ҳам ушбу ёндашувдаги намунавий тизим яратиб, кейинчалик уни бошқа ҳудудларда ҳам жорий этиш режалаштирилган.

Ўзбекистон пезидентининг ёқилғи-энергетика масалалари бўйича маслаҳатчиси Беҳзод Норматов

Таъкидланишича, тадбиркорлик субъектларини электр ва газ тармоқларига улаш учун техник шартларни расмийлаштириш жараёнларининг қонунийлиги ва шаффофлигини таъминлаш, коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш чоралари кучайтирилмоқда.

Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида муаммоли тармоқлар ва ускуналарни янгилаш, энергия йўқотишларини камайтириш, энергия самарадорлиги чораларини кўриш, авариявий узилишлар сабабларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда.