2026 йилнинг биринчи ярмида газ қазиб олиш ҳажми 18,3 млрд куб метрни ташкил этиб, 2025 йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 3,6 млрд куб метрга ёки 16,4 фоизга, 2024 йилнинг мос даврига нисбатан эса 4,2 млрд куб метрга ёки 18,6 фоизга қисқарган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитасининг саноат ишлаб чиқариши бўйича ҳисоботида келтириб ўтилган.

Июн ойида газ қазиб олиш ҳажми 2,5 млрд куб метргача камайган. Бу жорий йилдаги энг минимал кўрсаткич. Ўз навбатида, қазиб олиш ҳажми ўтган йилнинг мос даврига (3,4 млрд куб) нисбатан қарийб 25 фоизгача қисқарган. Маъсул идоралар бунга нима сабаб бўлгани ҳақида тушунтириш бермаган.

2026 йилнинг биринчи ярмида ойлар кесимида газ қазиб олиш кўрсаткичлари:

  • Январ — 3,7 млрд куб;
  • Феврал — 3,2 млрд куб;
  • Март — 2,7 млрд куб;
  • Апрел — 3 млрд куб;
  • Май — 3,2 млрд куб;
  • Июн — 2,5 млрд куб.

Ҳар қандай мамлакат, шу жумладан Ўзбекистон учун ҳам табиий газ ресурслари стратегик аҳамиятга эга. Бу мамлакат иқтисодиёти, энергетик хавфсизлиги ва ташқи савдо балансига жуда катта таъсир кўрсатади. Охирги йилларда газ қазиб олиш динамикаси қуйидагича ўзгарди:

Сўнги прогнозларга кўра, жорий йилда 40,2 млрд куб метр газ қазиб олиниши кутиляпти. Кейинги 4 йил давомида газ қазиб олиш кўрсаткичлари қуйидагича ўзгариши мумкин:

  • 2027 йил – 42,9 млрд куб (+6,7 фоиз);
  • 2028 йил – 44,5 млрд куб (+3,7 фоиз);
  • 2029 йил – 45,5 млрд куб (+2,2 фоиз);
  • 2030 йил – 48,5 млрд куб (+6,6 фоиз).

Қолган энергетика маҳсулотлари билан боғлиқ вазият қандай?

Ҳисобот даврида нефт қазиб олиш 323,9 минг тоннадан 313,8 минг тоннага (-3,1 фоиз), газ конденсати ишлаб чиқариш 575,2 минг тоннадан 462,1 минг тоннага (-19,6 фоиз), кўмир қазиб олиш 3 млн тоннадан 2,5 млн тоннага (-16,6 фоиз) қисқарган.