Тошкент шаҳри Яккасарой тумани Дамариқ маҳалласида қурилаётган Newport турар жой мажмуаси атрофидаги можаро етти йилдан бери давом этмоқда. Айрим хонадонлар зўравонлик билан бузилиб, эгалари мажбуран кўчирилди, қолган мулкдорлар эса ҳалигача судларда ўз ҳақини талаб қилмоқда.
Kun.uz мухбири Абдулла Қаҳҳор кўчасидаги хонадон эгалари билан суҳбатлашди. Уларнинг айтишича, компенсация миқдори мулкдорлар розилигисиз белгиланган, ижро ҳаракатлари эса шубҳали тарзда амалга оширилган. Шу билан бирга, ҳали одамлар яшаб турган уйлар билан 10 метр масофада цемент заводи қурилган.
“Адолат қаерда?”
Хонадон эгаларидан бири Жамшид Ражабов суд жараёнларидан норози эканини айтади.
«Кўчамиздаги асфалтларни бузишди, болаларимизнинг мактаб-боғчаларга бориш йўлларини бузишди. Ҳозир биз ҳаммамиз улар билан судлашяпмиз ва суд ишлари бизнинг фойдамизга ҳал бўлмаяпти. Сабаби судялар бизни умуман эшитмаяпти. Судда икки тарафга келишиш учун бир ҳафта муҳлат бериляпти. Бир ҳафтадан кейин судда даъвогар томон ўз фикрини ўзгартирмаслигини айтганда судя уларнинг фойдасига ҳукм ўқияпти. Бу кулгили нарса. Адолат қаерда?»
“Бизнинг устимиздан кулишяпти”
Яна бир мулкдор Шавкат Хидировнинг айтишича, қурилиш майдонидаги цемент ишлаб чиқариш фаолияти яшаш шароитига жиддий таъсир кўрсатган.
«Уйимнинг олдига цемент заводи қурган, уйим билан ораси 10 метр. Ҳар куни 02 қиламан, келмайди. Бунинг учун судя менга 3 оклад жарима солди ва 1 йилга арестоват қилди. Худди мен кимнидир ўлдиргандай. Чунки кечқурун шовқин, тўполон, ҳар куни 20-30 та машина келади. Бу ерда цемент сотади улар. Цемент шунақа оқади (ҳовлига) Экология қўмитасигаям, Санэпидемиягаям телефон қилдим. Келади, ёзади, кетади. Ўзгариш йўқ. Суд бизга бошқача гапиради, кейингиси яна бошқача гапиради. Қўпол бўлсаям, пул олган бўлса керак деб ўйлайман. Яккасарой туман судялари, шаҳар судялари кўрди ишни, энди Олий суддан умид қиляпман. Энг асосийси бизнинг жуда устимиздан кулишяпти. Ҳожатхонасини уйимнинг тагига қуриб қўйишган, ҳар якшанба куни тортади, ҳиди сасиб кетади».
Фуқароларнинг маълум қилишича, қурилишчи компания аҳолини мажбурий кўчириш бўйича судга мурожаат қилган. Уларнинг фикрича, компенсация миқдори ҳам мулкдорлар розилигисиз белгиланиб, ижро учун Мажбурий ижро бюросига юборилган.








