Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Anadolu нашрига берган интервьюсида янги альянс Эрон ёки бошқа бирор давлатга қарши қаратилмаганини, балки уч иттифоқчи хавфсизлигини қўллаб-қувватлаш учун умумий кафолат (ваъда) бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Унинг қўшимча қилишича, иттифоқчилар ҳужум содир бўлган тақдирда қандай даражада, қандай шакл ва форматда ёрдам сўрашларини маслаҳатлашувлар орқали ҳал қилади. Аммо аъзо давлатга ҳужум қилинмагунига қадар ҳеч бир давлат таҳдид, деб ҳисобланмайди.
Туркия, Покистон ва Саудия Арабистони ўртасида имзоланган мудофаа пакти техник жиҳатдан НАТОнинг ўзаро мудофаа тўғрисидаги 5-моддасига тенгдир, деди Туркия ташқи ишлар вазирининг сўзларини келтирмоқда Reuters.
НАТОнинг 5-моддаси — бу Шимолий Атлантика Шартномаси Ташкилотининг энг муҳим ва асосий тамойили бўлиб, жамоавий мудофаа кафолатини ифодалайди. Асосий қоида: НАТОга аъзо бўлган ҳар қандай бир давлатга қилинган қуролли ҳужум, ташкилотнинг барча аъзоларига қилинган ҳужум деб баҳоланади. Агар шундай ҳужум содир бўлса, ҳар бир аъзо давлат ҳарбий куч ишлатиб бўлса-да ҳужумга учраган давлатга ёрдам бериши зарур.
НАТОнинг иккинчи йирик армиясига эга бўлган Туркия, пакт бошқа минтақавий мамлакатлар учун ҳам кенгайишга очиқлигини ва мавжуд альянсларнинг ўрнини босишга интилмаслигини маълум қилди.
«НАТО – 32 давлатни ўз ичига олган улкан ҳарбий альянс. Биз бу ерда учта давлат сифатида иш бошладик ва жуда камтарона, лекин аниқ қадамлар ташлашимиз керак», деди у. Фиданга кўра, пактни якунига етказиш борасидаги ишлар икки йил-у саккиз ойдан бери давом этган.

У альянс доирасида НАТОдагига ўхшаш вазирлар қўмитаси, шунингдек, Саудия Арабистонида жойлашган бош котибият ташкил этилишини, бироқ операцион тафсилотлар қўмитанинг биринчи йиғилишида белгиланишини билдирди.
«Президентимизнинг [Эрдўған назарда тутилмоқда – Таҳр.] қараши шундан иборатки, биз фақат учта мамлакат билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Аксинча, кенгайишимиз ва барча (минтақавий) мамлакатларни ушбу том остида бирлаштиришимиз керак», деди у. Унинг айтишича, маълум техник масалалар ҳал қилингач, Миср ҳам пактга қўшилиши мумкин.
Фидан, шунингдек, кема қатнови хавфсизлиги Анқара манфаатларига тааллуқли эканини айтди. Шу боис Туркия Қизил денгиздаги кема қатновини ҳусийларнинг ҳужумларидан ҳимоя қилиш бўйича халқаро коалицияда иштирок этмоқда.
Эрондаги уруш ва Яқин шарқ минтақасида авж олган кескинлик фонида 7 август куни Туркия, Саудия ва Покистон етакчилари «Макка қўшма мудофаа келишуви»ни имзолаганди. Қўшма баёнотга кўра, ушбу келишув ҳар қандай тажовуз ҳаракатига қарши жамоавий тийиб туришни кучайтиради ҳамда учта давлатдан бирортасига қилинган қуролли ҳужум барчага қилинган ҳужум, деб баҳоланишини белгилайди.











