Оқ уйнинг маълум қилишича, Хитой АҚШнинг оширилган божларини четлаб ўтиб, мамлакатга товар етказиб бериш учун 40 дан ортиқ давлатдан фойдаланмоқда. Маъмурият бундай таъминот ҳажмини йилига тахминан 75 млрд доллар, у билан боғлиқ федерал даромадлар йўқотилишини эса 19–26 млрд доллар деб баҳоламоқда. Реэкспорт хавфи юқори бўлган юрисдикциялар қаторида Канада, Мексика, Европа Иттифоқи, Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея, Туркия, Ветнам, Ўзбекистон ва бошқа бир қатор давлатлар тилга олинган. АҚШ товарларнинг келиб чиқиши устидан назоратни, жумладан, сунъий интеллект тизимлари ёрдамида кучайтиришни ҳамда янги савдо битимларида тарифлардан бўйин товлаш хавфини ҳисобга олишни режалаштирмоқда.

Оқ уй реэкспорт ва товарларнинг келиб чиққан мамлакатини алмаштириш схемалари тарқалишини АҚШ томонидан 2018 йилда, Доналд Трампнинг биринчи президентлик даврида Хитой товарларига қўшимча божлар жорий этилгани билан боғламоқда. Маъмуриятга кўра, шундан сўнг Хитой маҳсулотларининг бир қисми АҚШга учинчи давлатлар орқали кира бошлаган. Бу давлатларда товарлар қисман йиғиш ёки қайта ишлашдан, қайта қадоқлаш ва маркировкалашдан ўтказилади ёхуд келиб чиқиши тўғрисида янги ҳужжатлар олади. Натижада Хитой маҳсулоти бошқа мамлакатда ишлаб чиқарилган деб эълон қилиниши ва пастроқ божга тортилиши мумкин.

Оқ уйнинг 13 август куни эълон қилинган «The Great Transshipment Scam» (Катта транзит реэкспорти фирибгарлиги) номли ҳисоботида Канада ва Мексика орқали таъминот мисол қилиб келтирилган. Агар Хитой товари USMCA битими талабларига жавоб беради, деб нотўғри расмийлаштирилса, АҚШ томонидан Хитой импорти учун белгиланган махсус бож нолга туширилиши мумкин.

Оқ уй айнан тариф ставкалари ўртасидаги фарқни бундай операциялар учун асосий иқтисодий рағбат деб ҳисоблайди.

Мазкур ҳисоботни тайёрлаган Оқ уйнинг Савдо ва ишлаб чиқариш сиёсати бошқармаси раҳбари Питер Наварронинг таъкидлашича, Хитой экспортни 40 дан ортиқ мамлакат орқали йўналтирмоқда.

Оқ уй рўйхатга кимларни киритди?

Юрисдикциялар уч гуруҳга бўлинган. Биринчи гуруҳга Канада, Европа Иттифоқи, Ҳиндистон, Исроил, Япония, Мексика, Жанубий Корея ва Тайван киритилган. Ҳужжат муаллифлари бу ерда гап АҚШнинг йирик савдо ҳамкорлари ҳақида кетаётганини, уларда тахминий реэкспорт хавфи анча кенг кўламли қонуний савдо оқимлари доирасида мавжудлигини таъкидлайди.