АҚШ президенти Доналд Трамп Ўмон султонлигига ҳарбий зарба бериш билан таҳдид қилди. У бу ҳақда 17 август куни Fox News телеканалига берган интервюсида гапирди.

Трампнинг айтишича, агар Ўмон АҚШ ва Эрон ўртасида Ҳўрмуз бўғози тақдири бўйича олиб борилаётган музокараларга «халақит берса», Вашингтон унга қарши ҳарбий куч ишлатиши мумкин.

АҚШ президенти бу фикрни кескин ибора билан ифодалаб, бундай ҳолатда Қўшма Штатлар Ўмонни бомбардимон қилиб, унинг «ақлини киритиб қўйиши»ни айтган.

Айни пайтда Ўмон Теҳрон билан Ҳўрмуз бўғозида кемалар ҳаракатини биргаликда назорат қилиш масаласида музокаралар олиб бормоқда. Бироқ ҳозирча томонлар ўртасида ягона келишувга эришилмаган.

Ҳўрмуз бўғози жаҳон энергетика бозори учун стратегик аҳамиятга эга. АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши бошланишидан аввал жаҳон бозорига етказиб бериладиган нефтнинг тахминан бешдан бир қисми айнан шу денгиз йўли орқали ташилган.

АҚШ ва Эрон музокаралари учун берилган муддат тугади

17 август куни Вашингтон ва Теҳрон ўртасида музокара ўтказиш учун белгиланган 60 кунлик муддат якунланди.

Бу муддат Доналд Трамп июн ойида G7 саммити доирасида имзолаган ўзаро англашув меморандумида белгиланган эди.

Режага кўра, икки ой ичида АҚШ ва Эрон Теҳронга қарши санкциялар, Эрон ядро дастури ва бошқа баҳсли масалалар бўйича келишувга эришиши керак эди.

Бироқ белгиланган муддат ичида томонлар муросага кела олмади.

17 август куни Fox News билан суҳбатда Трамп Эрон «оқ байроқ кўтариб, таслим бўлиши кераклиги»ни айтди. Шу билан бирга, у музокаралар учун янги муддат белгилаш нияти йўқлигини англатган.

Жанглар музокаралар муддати тугамасидан аввал қайта бошланган

АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар учун ажратилган 60 кунлик муддат якунланишидан аввалроқ томонлар ўртасида ҳарбий ҳаракатлар қайта бошланган.

Июл ойида Эрон Ҳўрмуз бўғозида бир қатор кемаларга ҳужум қилган. Бунга жавобан АҚШ Эрон ҳудудидаги объектларга бир неча марта ҳаво зарбалари берган.

Вашингтон ушбу операциялардан мақсад Теҳроннинг Ҳўрмуз бўғозида тижорат кемалари ҳаракатига таҳдид солиш имкониятларини заифлаштириш эканини билдирган.

Эрон эса Форс кўрфазидаги қўшни мамлакатлар ҳудудига бир қатор зарбалар берган. Теҳрон нишонлар АҚШнинг минтақадаги ҳарбий базалари бўлганини таъкидлаган.

Туркия воситачилик таклиф қилди

Минтақада кескинлик кучайиб бораётган бир пайтда Туркия АҚШ ва Эрон ўртасида воситачилик қилишга тайёрлигини билдирди.

17 август куни Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқот қилди.

Эрдўған АҚШ президентини минтақадаги вазиятни юмшатиш мақсадида Эрон билан музокараларни давом эттиришга чақирган ва Анқаранинг тинчлик музокараларида воситачилик қилишга тайёрлигини билдирган.

Туркия президенти матбуот хизмати маълумотига кўра, икки давлат раҳбари суҳбат давомида Ғазо секторидаги уруш, Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон ўртасида имзоланган мудофаа пакти ҳамда Туркия–АҚШ икки томонлама муносабатларини ҳам муҳокама қилган.