АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг TruthSocial саҳифасида «АҚШ янги ҳудуди» деган ёзув билан Ҳўрмуз бўғози харитасини эълон қилди.
Трамп 14 август куни Ҳўрмуз бўғозини АҚШ ҳудуди деб эълон қилиш режаси борлигини маълум қилган эди. Ўшанда Оқ уй раҳбари бу эълон Эрон билан уруш тугаганидан кейин амалга оширилишини айтганди.
Эртаси куни Эрон ташқи ишлар вазири ўринбосари Козим Ғарибободий бўғозни эгаллаб бўлмаслигини таъкидлади. «Ҳўрмуз бўғозини на твит, на авиаташувчи, на буйруқ чиқариш, на сайловолди нутқи билан забт этиб бўлмайди», — деди у.
АҚШ президенти саҳифасидаги пост эълон қилингач, Ғарибободий Трамп Ҳўрмуз бўғозини АҚШ ҳудуди деб атаб, адашаётганини ва Эрон буни тез орада тузатишини айтди. «Трамп абадий Форс кўрфази номини тўғри ёзганидек, унинг Ҳўрмуз бўғози борасидаги янглиш фикри ҳам тез орада ё тузатилади, ё биз бу адашган одамнинг хатоларини ўзимиз тузатамиз», — деб ёзди у ўзининг Х саҳифасида.
Яқин Шарқнинг кўпгина мамлакатларида кўрфаз Арабистон ёки Араб кўрфази деб аталади. Эрон бундай номланишга қарши чиқади. Форс кўрфази — унинг анъанавий географик номи бўлиб, ҳозирги Эрон жойлашган қадимги Форс (Персия) шарафига қўйилган.
Ўтган йилнинг май ойида The Associated Press икки америкалик амалдорга таяниб, АҚШ Форс кўрфазини Арабистон ёки Араб кўрфази деб аташи ҳақида хабар берганди. Кейинроқ Трамп Эрон бу қадамга «қатъий эътироз билдиришини аниқ тушунтиргани» сабабли Форс кўрфазини Араб кўрфази деб қайта номлаш режаларидан воз кечди.









