Бу ҳақда Запорижжя вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Иван Фёдоров маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Россия дронларининг зарбалари оқибатида шаҳарда турар жой бинолари ҳамда нотурар объектлар шикастланган.

Зарбалардан кейин объектлардан бирида ёнғин чиққан. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида бир киши ҳалок бўлган, олти киши турли даражада жароҳат олган.

Фёдоров вайроналар остида одамлар қолиб кетган бўлиши мумкинлигини билдирган. Ҳодиса жойида қутқарув ва фавқулодда хизматлар иш олиб бормоқда.

Шунингдек, тун давомида Запорижжяга бошқариладиган авиация бомбаларидан зарба бериш хавфи ҳақида ҳам огоҳлантириш эълон қилинган. Айрим Украина нашрлари шаҳарга ҳужумда дронлар билан бир қаторда бошқариладиган авиабомбалар қўллангани ҳақида хабар бермоқда.

Ҳужум оқибатлари ва жабрланганлар ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритиш ишлари давом этмоқда.