Ўқувчи қизнинг дарёни қайиқда сузиб ўтаётгани тасвирланган видео ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Кимдир ҳали ҳам шундай ҳудудлар борлигидан ҳайратланган бўлса, бошқалар қизнинг жасоратига тасанно айтишди. Турган гапки, 12 ёшли қизнинг ёлғиз қайиқ бошқаришига йўл қўйишгани учун, ота-онасини, ҳудуд масъулларини эътиборсизликда айблаганлар ҳам етарлича топилди.
Шундан сўнг, Замира ва унинг онасидан юқоридаги ҳолат бўйича муносабат ҳам олинди. Маълумот берилишича, “қайиқчи қиз” Тошкент вилоятининг Бекобод тумани Янгиҳаёт маҳалласида яшайди. Уйига яқин бўлганлиги учун Сирдарё вилоятининг Гулистон тумани Соҳилобод маҳалласидаги 15-мактабда ўқийди. У дарёдан ҳафтада икки марта ўтказиб қўйилади. Мактабга Соҳилобод маҳалласида яшовчи аммасининг уйидан қатнайди.
Ўқувчи қизга таълим олиши учун бундан бошқа қулай шароит яратиш имкони йўқми? Яна Замира каби қайиқда қатнаб ўқийдиган болалар борми? Унинг укалари ёки қўни-қўшниларининг фарзандларини ҳам келажакда худди шундай “тақдир” кутяптими? Шу каби саволларга жавоб олиш ҳамда жасоратли қизалоқ билан яқиндан танишиш, суҳбатлашиш мақсадида қизнинг яшаш манзилига бормоқчи бўлдик. Аммо Бекобод тумани ҳокимлиги матбуот котиби билан боғланганимизда, қиз яшайдиган манзил қўриқхона ҳудудида жойлашгани сабаб ташқаридан кириш қийинлигини айтди. Шунинг учун қиз таълим оладиган ҳудудга бордик. Синф раҳбари Дилмурод Ашуровнинг айтишича Замира аълочи ўқувчилар сафида.

Фото: Kun.uz
“Замира биринчи синфдан бери шу мактабда ўқийди. Ҳозир бешинчи синф ўқувчиси. У ҳамма фанлардан тўрт, беш баҳолар олади. Кўпроқ инглиз, рус тили, мусиқа, тасвирий санъат, тарих фанларига қизиқади. Шу фанлардан тўгаракларга ҳам аъзо. Келажакда шифокор бўлишни орзу қилади”,- дейди ўқитувчи.
Дилмурод Ашуров ҳам аслида Замирани ҳар доим қайиқда ота-онаси ўтказиб қўйишини, ўша кунги ҳолат деярли кузатилмаслигини айтди.

Фото: Kun.uz
“Соҳилобод” МФЙ раиси Юсуфжон Қўшиевнинг айтишича, Замиранинг ота-онаси келиб чиқиши асли Гулистондан ва улар ҳам ҳудди шундай тумандаги 15-мактабга қайиқда қатнаб ўқиган. У ердаги хўжаликлар рузғор учун бозорликни ҳам Гулистон туманидан қилишади.
















