Бу ҳукуматнинг 2026 йил 24 сентябрдаги 513-сон қарорида назарда тутилган.

«Янги агроном» тайёрлаш тизими доирасидаги ўқув амалиётига Тошкент давлат аграр университети ва қишлоқ хўжалиги соҳаси учун мутахассислар тайёрлайдиган бошқа олий таълим ташкилотларининг тегишли йўналишларида ўқиётган 2- ва 3-босқич талабалари жалб этилади.

Иштирокчилар танлов асосида сараланади. Танлов олий таълим ташкилотларида ҳар йили камида бир марта ўтказилади.

Амалиётни аъло баҳолар билан тамомлаган талабалар орасидан махсус комиссия саралаб олган номзодлар илғор тажрибани ўрганиш учун хорижий давлатларга юборилади.

Ҳар бир «устоз»га 20 тагача хўжалик бириктирилади

«Устоз-шогирд» тизими доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари пахтадан гектарига 50–60 центнердан юқори ҳосил олган илғор агрокластерлар ва фермер хўжаликларини «устоз» сифатида танловда қатнашишга таклиф этади.

Танлаб олинган ҳар бир агрокластер ёки фермер хўжалигига пахта ҳосилдорлиги гектарига 30 центнердан паст бўлган 20 тагача фермер хўжалиги «шогирд» сифатида бириктирилади.

Ҳар ҳосил йили якунида «шогирд» хўжалик пахтадан гектарига 50 центнердан юқори ҳосил олса, унга бириктирилган «устоз» агрокластер ёки фермер хўжалиги мукофотланади. Мукофот миқдори ушбу натижага эришган ҳар бир «шогирд» хўжалик учун 5 миллион сўмни ташкил этади.

Тизим доирасидаги ишлар Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг «Рақамли қишлоқ хўжалиги» ягона интеграцион платформаси орқали назорат қилинади. «Устоз» ва уларга бириктирилган «шогирд» хўжаликлар реестрини ҳам вазирлик юритади.