
RUNGROJ YONGRIT / EPA / Scanpix / LETA
Таиланд ва Камбоджа ўртасида узоқ тарихга эга чегара низосида яна кескинлашув юзага келди. 6 декабрдан буён икки мамлакат аскарлари Дангрэк тоғларида бир-бирини артиллерия ва ўқотар қуроллардан ўққа тутмоқда. Таиланд авиацияни ҳам ишга солди.
Ҳозирги вазият июл ойидаги тўқнашувларнинг такрорланиши бўлмоқда. Ўшанда чегарадаги жанглар беш кун давом этиб, камида 40 киши ҳалок бўлган, юз минглаб кишилар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлганди. 28 июл куни Таиланд ва Камбоджа Малайзия воситачилигида ўт очишни тўхтатишга келишиб олган, 26 октябр куни эса тинчлик келишуви имзоланганди – бу сафар Малайзиядан ташқари АҚШ ҳам воситачилик қилганди. Шундан кейин томонлар юз йилдан ортиқ вақтдан буён ноаниқ бўлиб қолаётган чегарани демаркация қилиш бўйича музокараларга бошлаганди.
Аммо амалда бу келишувларнинг ҳеч бирига риоя қилинмади. Ҳар икки томон ҳарбийлари вақти-вақти билан ўзаро отишмаларга киришган, ноябр ойида эса таиландлик икки аскар камбоджаликлар ўрнатган минани босиб олиш оқибатида портлаб кетган (ҳар икки томон узоқ вақтдан бери чегарани миналаштириб келади). Шундан сўнг Таиланд музокаралар жараёнидан чиқишини эълон қилди.
Ҳар икки томон анъанавий равишда бир-бирини сулҳни бузганликда айблади. Навбатдаги эскалация ким туфайли бошланганини аниқ айтишнинг имкони йўқ: ўт очишни тўхтатиш кескинлашув билан алмашган нуқта сифатида кўрсатиш мумкин бўлган ягона аниқ ҳодисани аниқлаб бўлмайди.
7 декабр куни Таиланд армияси вакиллари ўз позициялари Камбоджа ҳудудидан туриб ўққа тутилгани, натижада бир аскар ҳалок бўлиб, яна саккиз нафари жароҳатланганини маълум қилди. Бунга жавобан Таиланд F-16 қирувчиларини ҳавога кўтариб, Камбоджа ҳарбий объектларини бомбардимон қилди.
Камбоджа эса, аксинча, айнан Таиланд томони 7 декабр куни биринчи бўлиб оғир артиллерия қўллаганини айтмоқда. Камбоджа ҳукумати тинч аҳоли вакиллари бўлган тўрт киши ҳалок бўлиб, тўққиз киши яраланганини маълум қилган.
Кейинги кунларда тез-тез тўқнашувлар содир бўлди, дронлар ва «Град» баравар ўт очиш тизимлари ишга тушди. Натижада, Таиланд расмийларининг ҳисоб-китобларига кўра, 438 мингга яқин одам махсус жиҳозланган марказлар ва вақтинчалик бошпаналарга кетишга мажбур бўлган. Камбоджа расмийлари эса ўн минглаб кишилар уйларини тарк этганини маълум қилди.




















