14:28 / 08.08.2019
27685
Элмира Боситхонова Қорақалпоғистонда пикетга чиққан аёллар билан учрашди. Хотин-қизлар қўмитаси расмий ахборот берди
Элмира Боситхонова

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова «Фейсбук» ижтимоий тармоғида 1 август куни Қорақалпоғистон Республикаси пойтахти Нукус шаҳрида юз берган воқеа ҳақида эълон қилинган хабардаги маълумотлар ҳақиқатга нечоғли мос келиши ва бу аёлларнинг ҳуқуқларини муҳофаза этиш, муаммоларига ҳудуддаги раҳбарлар билан биргаликда ечим излаш мақсадида 7 август куни Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб қайтди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар хизмати хабарига кўра, воқеани ўрганиш жараёнида шикоятчи Тилеўбийке Ульдашева ижтимоий-маиший муаммолари анчадан буён ҳал этилмаётганини айтиб, ёрдам сўради. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси иштирокида ҳудуд раҳбарлари билан ўтказилган суҳбатда унинг уй-жой масаласидаги шикояти юзасидан Нукус шаҳар ҳокими П. Турешевга аризачига жойлаштирилган уйида яшаши учун ордер бериш вазифаси топширилди. Т. Ульдашевани иш билан таъминлаш ва фарзандини мусиқа мактабига жойлаш масалалари бўйича эса Қорақалпоғистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Д. Ходжиевга уни тиббиёт бирлашмасига фаррош сифатида ишга қабул қилиш, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Нукус шаҳар кенгаши раиси в.в.б П. Қазакбаевга унинг фарзандини мусиқа мактабига жойлаштириш топшириғи берилди. Аризачининг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўймоқчи экани ва шу мақсадда ўзини бўш бино билан таъминлаш борасида ёрдам кўрсатишлари тўғрисидаги илтимосига ечим топиш вазифаси Нукус шаҳар Хотин-қизлар қўмитаси раиси Г. Абибуллаевага топширилди.
 
Фуқаролар Перизат Бегжанова ҳамда Гулпаршин Қошанова ўз муаммолари Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси ҳудудга келгунига қадар масъуллар томонидан ҳал этилганини билдириб, тегишли мутасаддиларга миннатдорлик изҳор қилдилар, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, шу куни Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси Элмира Боситхонова яна йигирма нафарга яқин аёлларнинг дардлари, арзлари ва шикоятларини эшитиб, уларнинг ҳуқуқларини таъминлаш, кўмак бериш бўйича ҳамкорликда амалий ишларни олиб борган.

Бундан олдинроқ, Элмира Боситхонова пикетга чиққан аёлларга босим ўтказилгани ҳақидаги хабардан сўнг Қорақалпоғистонга йўл олгани маълум қилинганди.

Top