13:40 / 11.05.2020
38686
Коронавирус: Россия Британия ва Италияни ҳам ортда қолдириб, учинчи ўринга чиқди

Россияда сўнгги бир кунда коронавирусдан зарарланиш билан боғлиқ 11 656 ҳолат қайд этилди ва жами зарарланиш ҳолатлари сони 221 344тага етди.

Фото: Getty Images

Шу тариқа, Россия душанба куни касалланиш ҳолатлари сони бўйича Британия ва Италияни ортда қолдирди. Эндиликда ушбу мамлакат расмий тасдиқланган ҳолатлар сони бўйича дунёда учинчи ўринга чиқди.

Сўнгги бир кунда янги зарарланиш ҳолатлари Россиянинг барча 84 регионида қайд этилган. Шундан 6 169 ҳолат пойтахт Москвага тўғри келади. Шаҳарда Covid-19 билан касалланиш ҳолатлари сони 115 909тага етди.

Бу борада иккинчи ўринда Москва области (1 079 янги ҳолат, жами  ҳолатлар сони 20,6 минг), учинчи ўринда - Санкт-Петербург (307 янги ҳолат, жами ҳолатлар сони 7,7 минг) жойлашган.

Сўнгги бир кунда коронавирус беморларининг 94 нафари вафот этди. Шу тариқа, жами қурбонлар сони 2 009 нафарга етди.

Якшанба куни шифохоналардан жами 5 495 кишига жавоб берилган ва шу вақтгача тузалганлар сони 39 801 нафарга етган.

Душанба куни Роспотребнадзор Россияда шу вақтгача 5,6 миллиондан ортиқ тест ўтказилганини маълум қилди. Сўнгги бир кунда жами 188 минг киши коронавирусни аниқлаш бўйича тест топширган.

Россияда сўнгги тўққиз кун давомида кунлик касалланиш ҳолатлари сони 10 мингдан кам бўлмаяпти. 7 май куни Россия жаҳон рейтингида Германия ва Францияни ортда қолдириб, бешинчи ўринга кўтарилган, якшанба куни эса мамлакатда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари 200 мингдан ошганди.

Ниқоб тақиш мажбурий

Ильинка кўчаси
Фото: Валерий Шарифулин/ТАСС

12 май кунидан эътиборан Москвада ва Москва областида «маскали режим» кучга киради. Транспортда, жамоат жойларида ва ишлаб чиқариш ҳудудларида тиббий ниқобда юриш шарт ҳисобланади. Ниқобсиз юрганлар 4-5 минг рубль миқдорида жаримага тортилиши мумкин.

Москва транспорт департаменти якшанба куни транспорт фойдаланувчиларининг ярмидан кўпроғи ниқоб тақаётгани, қўлқоп тақаётганлар эса - атиги 20 фоизни ташкил қилаётгани ҳақида маълумот берганди. 4 май кунидан йўловчилар метрода 13 минг ниқоб ва 6 минг қўлқоп сотиб олишган.

Бундан аввалроқ Москва мэри Сергей Собянин ўзини изоляциялаш ва шаҳарда махсус рухсатнома билан ҳаракатланиш режими 31 майга қадар узайтирилганини маълум қилганди.

Архангельс областида ишланмайдиган кунлар 31 майга қадар узайтирилган. Бу областда 457 бемор бор, уларнинг 8 нафари оғир аҳволда деб баҳоланмоқда, касалланиш ҳолатларининг ярмида ташқи симптомлар кузатилмаган.

Бугун РФ президенти Владимир Путин иштирокидаги йиғилишда «умумий дам олиш кунлари»ни узайтириш масаласи муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Апрель ойи охирида Путин учинчи марта ишсиз кунлар режимини узайтирган ва ҳукуматга 5 майгача карантиндан чиқиш бўйича режа ишлаб чиқишни топшириқ қилганди.

Россияда бу йил «Ўлмас полк» шу кўринишда ўтказилди / REUTERS

Россияда дам олиш кунлари 25 мартда бошланганди, 2 апрель куни президент ишланмайдиган кунлар ой охиригача давом этишини эълон қилди. Ўшанда Путин Конституцияга ўзгартириш бўйича умумхалқ референдуми қолдирилганини маълум қилганди.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top