09:42 / 09.11.2021
6334
«IFly Airlines» авиакомпаниясига Ўзбекистонга парвозларни амалга ошириш учун вақтинча тақиқ қўйилди

“IFly Airlines” авиакомпаниясига Ўзбекистонга парвозларни амалга ошириш учун вақтинча тақиқ қўйилди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар бермоқда.

Фото: Flickr

Қайд этилишича, йўловчилар ҳуқуқлари ва ташувчи мажбуриятларига риоя этишни таъминлаш мақсадида "Ўзавиация" агентлиги томонидан 2020 йил октябрь ойида авиакомпанияларга Ўзбекистон аэропортларига чартер рейсларини амалга ошириш учун ваколатли орган - “Ўзавиация”дан тегишли рухсатнома олмасдан туриб авиачипталарни сотиш амалиётини тугатиш тўғрисида огоҳлантириш хати юборилган.

“IFly Airlines” авиакомпанияси ушбу огоҳлантиришга қарамай, тегишли рухсатномаларни олмасдан қўпол равишда талабларни бузиб,  2021 йил ноябрь ойида Москва – Урганч – Санкт-Петербург – Урганч – Москва, Навоий – Москва ҳамда Санкт-Петербург – Навоий – Санкт-Петербург йўналишларида чартер парвозлари учун авиачипталар сотувини ташкил этган. Натижада, авиачиптада кўрсатилган вақтда йўловчилар аэровокзалларга келишган ва белгиланган йўналишда парвознинг бажарилмаслиги йўловчилар ўртасида ижтимоий кескинликка олиб келган”, дейилади хабарда.

“Ўзавиация” агентлиги томонидан “IFly Airlines” авиакомпаниясига санкция тариқасида Ўзбекистонга чартер парвозларини амалга оширишни вақтинчалик тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Авиакомпаниялар томонидан бундай ҳолатлар такрорланган тақдирда “Ўзавиация” агентлиги парвозларни амалга ошириш учун берилган эксплуатация рухсатномаларни бекор қилади.

Йўловчилар ва авиакассалар мутасаддиларига авиачипталарни сотиб олиш ёки сотишдан олдин "Ўзавиация"  агентлиги веб-сайтининг бош саҳифасидаги "Ахборот жадвали" бўлимида режалаштирилган чартер парвозларининг  ҳолати билан танишиб чиқиш тавсия этилган.

Аввалроқ, Тошкент аэропортида 200дан ортиқ йўловчи тўпланиб қолгани, уларнинг рейси жадвалга киритилмагани маълум бўлганди.

Шундан сўнг, яна бир туркомпания 290 кишига жадвалга киритилмаган рейсга авиачипта сотгани аниқланди.

Кеча, 8 ноябр куни эса Навоий халқаро аэропортида 200 йўловчи тўплангани, уларга ҳам жадвалда бўлмаган рейсга чипта сотилгани маълум бўлди.  

Top