18:31 / 27.01.2020
14
33482
2020 йил давомида истеъмол саватчаси ва яшаш даражаси минимуми эълон қилинади – Жамшид Қўчқоров
Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон молия вазири Жамшид Қўчқоров истеъмол саватчаси ва яшаш даражаси минимумини ҳисоблаб, эълон қилиш учун ҳеч қандай муаммо йўқлиги, 2020 йил давомида яшаш минимуми ва минимал истеъмол саватчасига оид рақамлар эълон қилинишини маълум қилди.

«Камбағалликни қисқартириш стратегияси ишлаб чиқиладиган бўлса, истеъмол саватчаси ва яшаш даражасининг минимуми қачон белгиланиши ҳақидаги саволга жавоб беришга мажбур бўламиз.

Яшаш даражаси минимумини эълон қилиш, тўғриси, маълум бир юридик муаммоларни келтириб чиқаради. Буни очиқ айтишимиз керак. Яшаш минимумини ҳисоблаб чиқдик ҳам дейлик. 2018 йилда ҳисоблаганда 700 минг сўм атрофида эди.

Фараз қилайлик, ҳозир 800 ёки 900 минг сўм деб олсак, Конституциямизда пенсия ва ижтимоий нафақалар яшаш минимумидан кам бўлиши мумкин эмас деб ёзиб қўйилган. Агар ҳозир шу рақамни эълон қиладиган бўлсак, пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдорини оширишимизга тўғри келади. Бироқ айни пайтда биз буни ошириш имкониятига эга эмасмиз, бюджетимиз кўтара олмайди. ЯИМ кичкина ва ундан ташқари [молиявий манбалар] ҳеч қаердан пайдо бўлмайди. ЯИМдан ташқари фақат ташқи қарз бор», дейди у.

Жамшид Қўчқоров, шунингдек, Иқтисодиёт ва саноат вазири Ботир Хўжаевнинг Сенат ялпи мажлисида сенатор Одилжон Иминовнинг шу мавзудаги саволига жавобан Россияда яшаш минимумини аниқлаш ва энг кам ойлик миқдорини белгилашга 10 йил кетгани, бизда ҳам иккита кўрсаткични мувозанатга келтиришга бир неча йил кетиши ҳақидаги сўзларига ҳам изоҳ бериб ўтди.

«Россияга 10 йил керак бўлди деган гапнинг маъноси нима? Истеъмол саватчаси ва яшаш даражаси минимумини ишлаб чиқишга 10 йил кетмаган. Шу кўрсаткичга етишиб олишларига 10 йил кетган. Улар ҳар йили истеъмол саватчаси ва яшаш даражаси минимуми кўрсаткичини маълум миқдорда ошириб бориб, 10 йилда ҳақиқий кўрсаткичга тенглашишган.

Бу масаладаям жамият билан маълум маънода келишувга эришишимиз керак. Яъни биз айтишимиз керакки, ҳурматли ҳамюртлар, бизда яшаш минимуми миқдори 900 минг сўм, лекин биз буни тўлай олмаймиз. Чунки 13 млн ёши катта аҳоли бор, шунинг бор-йўғи 5 миллиони даромад солиғи тўлайди, қолгани ҳеч қанақа солиқ тўламайди. Шунинг учун биз ҳозир яшаш минимуми даражасида нафақа ёки пенсия тўлаш имкониятига эга эмасмиз. Иқтисодий жиҳатдан ўсиб бораверсак, ялпи ички маҳсулотимиз кўпайиб бораверса, бюджет давромадлариям шунга яраша кўпайиб бораверса, нафақалар миқдорини яшаш минимуми даражасига етказамиз. Бу масалада ҳамма – ҳукумат, журналистлар, парламент, жамоатчилик якдил бўлиши керак», дейди вазир.

Аввалроқ Бош вазир ўринбосари Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари билан боғлиқ вазият ҳақида ҳам изоҳ берган, мамлакат ташқи қарзи 2020–2022-йилларда ҳам анчагина тез суръатлар билан ўсишини айтган эди. Шу билан бирга, у Президентнинг парламентга мурожаатида кўзда тутилган вазифалар ижроси қўшимча харажатларни талаб қилиши, бироқ бу бюджетга юк бўлмаслигини таъкидлаган эди

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top