Ўзбекистон | 17:23 / 16.02.2021
31239
13 дақиқада ўқилади

Абгор йўллар буюк келажакка олиб бормайди

Кутилмаганда Фарғона шаҳридаги маҳаллани пиёда кезган президент йўллардаги носозликлар сабаб Автойўллар қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиевни койиди. Шу ўринда савол туғилади: ҳудудлардаги аянчли йўллар қачон ўнгланади? Йўлсозликдаги муаммолар кўтарилиши учун бирор ҳудудга президент бориши шартми?

«Янгиариқдан келдим, у йўл йўл эмас», деганди давлат раҳбари декабр ойида Хоразмга ташрифи чоғида.

Дарҳақиқат, юзлаб ЙТҲлар айнан йўлларнинг носозлиги оқибатида рўй беряпти.

Mаълумотларга кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда жами 184 174 км автомобил йўллари бор. Шундан 42,8 минг километри умумий фойдаланишдаги, 116,5 минг километри ички хўжалик йўллари ва 24,7 минг километри идоравий йўлларни ташкил этади.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда ғалати парадокс шаклланди. Автомобил йўллари ва ички йўллар ёзми-қишми, ёмғирми-қорми фарқи йўқ – давлат раҳбарининг ташрифи арафасида таъмирланмоқда. Буни жамоатчилик кўриб-билиб турибди. Фақатгина кортеж ўтадиган йўллар, мартабали меҳмон борадиган маҳаллалар, ички кўчаларда яп-янги асфалтларни кўрасиз (уларнинг аксарияти кўп ўтмай бузилиб, ўйдим-чуқур бўлиб кетиши ҳам сир эмас), қолган жойлар эски ҳаммом, эски тос.

Президентнинг ўзи ҳам бундай кўзбўямачиликдан хабардор эканини яширмади ва Фарғонага ташрифи чоғида дастурга киритилмаган маҳаллага боришни ихтиёр этди. Кутилмаган ташрифдан кейин шаҳар «тўртлиги» ишдан кетди.

Йўлларни таъмирлаш ва қайта қуриш учун ажратилаётган маблағларни эшитиб, президент қўмита раисига соҳа учун ажратилган пулларни бекорга эслатмаганига амин бўлиш мумкин.

«Мана шу йўлларга ким жавоб бериши керак? Сен шунча ёнимда юрган одамсан, нега шуни айтмайсан? Бу йўллар сифати шармандалик эмасми? Майли, туманларда ҳеч бало қилмабсан, шаҳарда-чи? Нега мен айтмасам қилмайсан шуни, тўрт йилдан бери ёнимда юрибсан-ку? Шунча пул беряпман, нега ўзингни қийнамайсан? Нега таклиф бермайсан, нега ҳамманг бефарқсан? Ҳозир яна кетасизлар, яна эски ҳаммом, эски тос бўлади», – деди Мирзиёев.

Масалан, 2020 йилда йўлларни таъмирлаш ва қуриш учун 5,1 триллион сўмдан зиёдроқ (492 миллион доллар атрофида) пул ажратилган. Бу маблағ эвазига ўтган йили 6,4 минг км автомобил йўллари қайта қурилган ёки таъмирланган.

6 минг километр йўл ва 5,1 триллион сўм. Булар – кичкина рақамлар эмас! Лекин натижа нима бўлди? Шунча маблағ эвазига таъмирланган йўлларда бир ёмғирли мавсумдан кейин яна ўйдим-чуқурлар пайдо бўлиши йўллар сифатсиз қурилганиданми ёки ажратилган пулларнинг ҳаммаси ҳам йўлга «ётқизилмагани»ни англатадими?

Ахир таъмирланган йўллар стандартларга жавоб бериши ва ўз муддати давомида халққа хизмат қилиши керак эмасми?

Узоққа бормасдан, қайсидир маънода минтақадаги иқтисодий рақобатчимиз дея қараладиган Қозоғистон йўллари ҳам Ўзбекистондагидан кўра анча сифатли эканини кўришимиз мумкин. Ҳаттоки, қўшниларимизнинг ривожланмаган жанубий туманларидаги йўллари ҳам бизнинг пойтахт Тошкентдаги айрим кўчалардан кўра сифатлироқ.

Йўл таъмири учун сарфланадиган маблағларга келсак, бу борада ҳам ён қўшнимиз биздан илгарилаб кетганини кўриш мумкин. Очиқ маълумотларга кўра, Қозоғистон 2020 йилда 9,5 минг километр республика ва маҳаллий аҳамиятга эга йўлларни таъмирлаш учун 1,6 миллиард доллар сарф қилган.

jLLBe36JmFKHB6tQGcLGWHkgAiWdWaw6.jpg (1280×720)

Автомобил йўллари қўмитасининг Kun.uz'га тақдим этган маълумотида, 2021 йилда 4,5 трлн сўм маблағ эвазига 3,9 минг км автомобил йўлларини қайта қуриш ва таъмирлаш кўзда тутилгани айтилади. Таъмирланадиган 3935 км автомобил йўллари учун маблағлар қуйидагича тақсимланган:

  • инвестиция дастури доирасида 2 трлн 165 млрд сўм ўзлаштирилиб, 95,8 км автомобил йўллари қайта қурилади;
  • капитал таъмирлаш дастури доирасида 355 млрд сўм ўзлаштирилиб, 100 км автомобил йўли капитал таъмирланади;
  • умумий фойдаланишдаги автомобил йўлларини жорий таъмирлаш ва сақлаш бўйича 1 трлн 801 млрд сўм миқдорида ишлар бажарилиб, 2540 км автомобил йўллари таъмирланади;
  • 255,6 млрд сўм миқдорида ишлар бажарилиб, 1200 км ички йўллар таъмирланади.

2021 йилда таъмирланадиган йўллар учун сарфланадиган маблағларнинг тақсимланишида қизиқ бир жиҳат эътиборимизни тортди: «2,1 триллион сўм (206 млн доллар) эвазига 95,8 км автомобил йўлини қайта қуриш кўзда тутилмоқда». Бу дегани ушбу автомобил йўлининг ҳар бир километри учун қарийб 2,2 млн доллар ажратилади! Бундай жаҳон стандартлари даражасидаги қимматбаҳо йўл қаерда қурилиши ва унинг сифатига неча йил давомида кафолат берилиши борасида маълумотлар берилмаган.

Йўл қурилиши соҳасида шаффофлик йўқ

Ўзбекистонда йўл қурилишига масъул мутахассислар бошқа соҳаларда бўлгани каби ажратилган пуллар ва бажариладиган ишларни умумий рақамларда айтиш билан чекланиб қоляпти. Аслида ҳар бир километр учун қанча маблағ ажратилиши, бу пуллар эвазига фақат йўлнинг қатнов қисми таъмирланадими ёки йўлнинг атрофлари ҳам ободонлаштириладими, йўлларни қуриш қайси стандарт талабларига жавоб беради, бу стандартлар Ўзбекистонда борми – буларнинг ҳаммасидан солиқ тўловчилар, яъни халқ хабардор бўлиши керак.

Агар ростдан ҳам йўл таъмири учун ажратилган ҳар бир сўм тўғри сарфланаётган бўлса, масъуллар буни кўрсатиб берсин

Ўзбекистон транспорт прокуратураси маълумотларига кўра, 2020 йилда йўл ва кўприк қурилиш соҳасида бюджетдан ажратилган пулларни ўзлаштириш ҳолати бўйича 40га яқин жиноят иши очилган ва коррупцион ҳолатлар бўйича 11,5 млрд сўмлик давлат мулки талон-торожи фош этилган.

Яна бир масала – йўл таъмири учун ажратилаётган маблағлар. Яхши ва сифатли йўлларни қуриш учун яхшигина маблағ керак. Бунга қўшимча маблағларни йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун белгиланган «отнинг калласидек» катта жарималардан тушаётган пуллардан ажратилса мақсадга мувофиқ бўларди.

Йўл ҳаракати қоидалари бузилгани учун жарималар суммаси ҳам, автомобил ойналарини қорайтирганлик учун тўланаётган миллиардлар ҳам ИИВ ходимларини рағбатлантириш учун эмас, балки сифатсиз ва таъмирталаб йўлларни тўғрилашга сарфлаш масаласини ҳам ўйлаб кўриш лозим.

Бундан ташқари, ҳудудидаги ўйдим-чуқур йўллар муаммосини бюджетнинг пулига қимматбаҳо йўлтанламас машиналар сотиб олиш билан «ҳал қилаётган» ёки кўриб кўрмаганга олаётган ҳокимларимиз ҳам маҳаллий йўлларни сифати ҳақида қайғуриши керак.

Йўл қурилишида пудратчиларни танлаб олиш учун ўтказиладиган тендерлар масаласининг ўзи алоҳида мавзу...

Халқаро рейтингларда Ўзбекистон... йўқ!

Жаҳон иқтисодий форуми ҳар йили дунёдаги энг ёмон ва яхши йўлларга эга давлатлар рейтингини тузиб келади. Йўллар бирдан еттигача бўлган шкалада баҳолаган бўлиб, қайси мамлакат юқори балл тўплаган бўлса, йўлларининг сифати юқори эканини англатади. Жами тўплаган балли паст бўлган мамлакатнинг йўллари сифатсиз деган хулосани беради.

Эътиборлиси, ҳозиргача қадар Ўзбекистон бу рейтингдан умуман жой олмаган. 2019 йилги рейтингдан 137 мамлакат ўрин олган бўлиб, хусусан, Тожикистон (51-ўрин), Қозоғистон (93-ўрин) ва Қирғизистон (112-ўрин) каби қўшни давлатларнинг йўллари баҳоланган.

Кузатувчилар фикрича, Тожикистонда йўллар хусусийлаштирилгани магистрал йўллар сифати яхшиланишига олиб келган. Тожикистоннинг йўллари Ўзбекистонникига нисбатан текис эканини яқинда чегаралар очилиб, Тожикистонда меҳмонда бўлиб қайтган ўзбекистонлик журналистлар ҳам эътироф этишган.

Ўзбекистонда қурилаётган йўлларнинг сифати халқаро стандартларга тўғри келмайди ва узоқ вақтга чидамайди? Турган гапки, бунинг асосий сабаби коррупцияга бориб тақалади.

2020 йилда Ўзбекистонда йўллар қурилишидаги коррупцион ҳолатлар бўйича 11,5 млрд сўмлик давлат мулки талон-торожи фош этилган. Собиқ иттифоқ давридаёқ «20 сантиметрли асфалт қатлами ётқизиш керак бўлган жойда атиги бир сантиметр асфалтни уриб қолиш» билан неча-неча тонна битум, шағал тежаб қолиниши ва уларнинг сотувидан келадиган миллионларни «чўнтакка уриш мумкин»лиги ҳақида калкуляция юрарди.

ddwerw002.jpg (800×510)

Экспертларнинг айтишича, Ўзбекистонда ёз ва қиш мавсумига мос стандарт бўйича асфалт ётқизилмаслиги йўлларнинг тез ўйдим-чуқур бўлиб қолишига олиб келади.

Канадада яшовчи ўзбек инженери Шарофиддин Қарабоев Kun.uz'га берган интервюсида қурилиш объектларини байрамларга топшириш анъанаси ва СССРдан қолган қурилиш стандартларидан воз кечиш кераклигини таъкидлаганди. Унинг бу сўзлари йўлсозликдаги муаммоларга ҳам хос.

Ўзбекистонда ҳам йўлларни хусусийлаштириш орқали муаммога ечим топиш мумкинми?

Ўзбекистонда пулли йўллар қуриш бўйича режалар илк марта 2018 йилда маълум қилинган, шундан сўнг ҳаракатланиш пулли бўлган иккита туннел ва учта автойўл қурилиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Охирги маълумотларга кўра, мамлакатдаги дастлабки пуллик йўллар 2023 йилдан кейин қурилиши кутилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 10 февралидаги селекторда ҳам йўлларнинг аҳволидан аҳоли норози эканини эслатди. Шунингдек, бош вазир 1-ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигидаги комплексга – йил якунига қадар 10 минг километрдан ортиқ ички ва қишлоқ (маҳалла) йўлларини таъмирлаш вазифасини қўйди.

Селекторда йўлларни таъмирлашда давлат-хусусий шерикчилик тизимини жорий қилиш кераклиги ҳам айтилди. Ким билсин, соҳага хусусий секторнинг жалб этилиши 30 йилдан бери битмаётган ярага малҳам бўлар?!

Муаммоларни санаб, чапак чалиб ўтиравермайлик!

Ўтган йили автомобил йўлларини қуриш ва таъмирлашга доир ҳукумат қарори лойиҳаси, «2020–2030 йилларда Ўзбекистон Республикасининг автомобил йўлларини ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинган эди. Бироқ очиқ маълумотларда ушбу қарорлар қабул қилинган ёки қилинмагани ҳақида маълумотлар учрамади.

Жумладан, 2030 йилгача мўлжалланган стратегияда йўл қурилишини ривожлантириш ва такомиллаштириш соҳасида ягона давлат сиёсати асосларини ишлаб чиқиш; йўл хўжалигида маблағларни бошқариш, молиялаштириш ва сарфлашнинг самарали тизимини амалга ошириш; йўл-қурилиш саноатининг моддий-техник базасини модернизациялаш; хорижий компаниялар билан қурилиш материаллар ишлаб чиқариш, хомашё ресурсларини қайта ишлаш ва пудрат компаниялари қурилишини ташкил этиш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш кабилар кўзда тутилганди.

Бундан ташқари, ўтган йили йўл қурилиши соҳасидаги энг устувор лойиҳаларни танлаб олиш мезонлари ўзгариши, йўл қурилиши соҳасида «Махсус йўл диагностика маркази» тузилиши, бу орқали Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси фаолияти самарадорлиги оширилиши, Германиянинг Roland Berger компанияси Ўзбекистонда йўллар қуриш стратегиясини ишлаб чиқиши режалаштирилаётгани, Рақобатбардош йўл тармоғини ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилаётгани, Тошкент автомобил йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институтида Германиянинг ўқитиш тизимини жорий қилиниши ҳақида хабарлар берилганди.

Бироқ бунинг ҳаётимизга таъсири сезилмаяпти, йўлларнинг сифати яхшиланиб қолмаяпти. Демак, тизимда инқилобий ўзгаришлар қилиш фурсати етган.

2019 йилда Ўзбекистонда 70 минг километр узунликдаги автомобил йўллари катта таъмирга муҳтожлиги маълум қилинган бўлса, ўтган икки йил ичида бу масофа атиги 10 минг километрга қисқарган.

Хитойда Мао Цзедун вафотидан кейин ҳокимиятга келган янги раҳбарлар ҳам сифатли йўллар қурмасдан мамлакатни ривожлантириб бўлмаслигини англаб етишган ва «Ривожланишни хоҳласак, аввало сифатли йўллар қуришимиз керак», деган шиор остида йўл қуриш стандарти ишлаб чиқилган эди. Кўряпмизки, бугун Хитой нафақат автомобил йўллари узунлиги, балки уларнинг сифати бўйича ҳам етакчи давлатлардан бирига айланган.

ddwerw003.jpg (800×510)

Бизнингча ҳам Американи қайта кашф этиш шарт эмас. Йўлсозлик борасида муваффақиятга эришган давлатлар тажрибасини Ўзбекистонда ҳам жорий этиш, ишончни оқламаётган маҳаллий мутахассислардан воз кечиб, соҳа бўйича кўп йиллик малака ва ижобий имижга эга хорижлик ҳамкорлар билан ҳамкорликни зудтар кенгайтириш мақсадга мувофиқ.

Йўлларни хусусийлаштириш ҳам тизимли муаммоларнинг ечими бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда бюджетдан ажратилаётган ҳамда халқаро донорлардан олинаётган пуллар ўз манзилига етиб бормаётган ёки қилинган харажатга яраша натижа бермаётган бир пайтда энг мақбул чора шу бўлиб кўринмоқда.

Акс ҳолда, яна ўн йилдан кейин ҳам муаммоларимизни санаб чапак чалиб ўтираверамиз.

Жамшид Ниёзов,
Фаррух Абсаттаров,
– Kun.uz мухбирлари

Мавзуга оид