Ўзбекистон | 09:50 / 03.04.2022
24870
12 дақиқада ўқилади

Эрдўғаннинг ташрифи, тезлашган инфляция, ИИВ ва ДТМдан янгиликлар — ҳафта дайжести

Янги автомобил сотиб олиши тақиқланган амалдорлар, қоидабузар абитуриентларни 7 йилгача имтиҳондан четлатиш ниятидаги ДТМ, Ўзбекистонга тўртинчи марта келган Эрдўған ва бошқалар – Kun.uz якунланаётган ҳафтанинг асосий янгиликлари дайжестини тақдим этади.

Уруш сабаб Ўзбекистонда ҳам нархлар ошиши тезлашмоқда

Ўтган йил якунлари бўйича Ўзбекистонда узоқ йиллар ичида биринчи марта инфляция бир хонали рақам даражасига тушгани эълон қилинган эди. Бироқ Украинадаги уруш фонида инфляция яна 10 фоиздан ошди. Статистика қўмитаси хабарига кўра, охирги 1 йилда Ўзбекистонда истеъмол нархлари 10,5 фоизга кўтарилган.

Расмийларга кўра, март ойида озиқ-овқат маҳсулотлари 2,5 фоизга қимматлашган. Умумий истеъмол секторидаги товар ва хизматлар нархи ўртача 1,5 фоизга ошган.

Нархлар билан бирга, ишсизлик даражаси ошаётганини ҳам тахмин қилиш мумкин. Кузатувчилар Россиядан мигрантларнинг чиқиб кетаётганини айтишяпти. Йил охиригача Россия иқтисодиётидаги иш ўринлари сони 2 миллионга қисқариши мумкин.

Шу ҳафта Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиши бўйича қайта кўриб чиқилган илк прогнозлар эълон қилинди. Европа Тикланиш ва тараққиёт банки 2022 йилда Ўзбекистон ЯИМ ўсиши бўйича прогнозни 6 фоиздан 4 фоизга, Fitch рейтинг агентлиги эса 5,5 фоиздан 3,1 фоизга пасайтирди.

Шу билан бирга, ўзбек сўми икки ҳафта ичида ўз қадрини бирмунча тиклашга эришди. Йил бошидан март ойи ўртасигача 6,7 фоизга қадрсизланган сўм охирги икки ҳафтада 1,5 фоиз қадрини тиклади. 17 март куни 11 570 сўмдан ошган расмий курс 1 апрелга келиб 11 395 сўмгача тушди.

Пайшанба кунги йиғилишда Шавкат Мирзиёев аҳолини валюта курси бўйича ортиқча хавотир олмасликка чақирди. “Валюта бозорида кескин тебранишларнинг олдини олиш учун захираларимиз етарли”, деди президент.

Бу йиғилишда ташқи иқтисодий шароитларга ҳукуматнинг жавоб чоралари муҳокама қилинди. Унга кўра, асосий озиқ-овқат маҳсулотлари импортига акциз солиғи ва божхона божлари қайта кўриб чиқилади, солиқ маъмурчилигидаги ўзгаришлар бўйича йил охиригача жарималар қўлланмайди.

Бундан ташқари, президент барча ҳокимлар, вазирлар ва идоралар раҳбарларига ортиқча харажатлардан тийилишни буюрди. Яъни йил охиригача бюджет ташкилотларида автомобил, мебел, офис анжомлари сотиб олиш, бино таъмирлаш каби харажатлар қилиш тақиқланди. Бу буйруқ ижросини назорат қилиш прокурорларга юклатилди.

***

ДТМ қоидабузар абитуриентларни 7 йилгача имтиҳондан четлатишни таклиф қилмоқда

Фото: Kun.uz

Бу йил Ўзбекистонда 600 мингдан ошиқ ўқувчи мактабни битиради. Олийгоҳларга жами 1 миллион нафар абитуриент ҳужжат топшириши кутиляпти. Давлат тест марказининг маълум қилишича, имтиҳонлар пандемия вазиятига қараб ё аввалгидек катта сиғимли биноларда, ёки яна стадионларда ўтказилиши мумкин.

Асосий янгиликлардан бири – чет тилидан ижодий имтиҳонлар ўтказилиши. Яъни жаҳон тиллари ва шарқшунослик университетлари, Самарқанддаги чет тиллари институти, Тошкент давлат педагогика университети, Қўқон ва Нукусдаги пединститутларнинг чет тили биринчи фан бўлган йўналишларида чет тилидан тест эмас, ижодий имтиҳон ўтказилади.

Маълум бўлишича, кириш имтиҳонида қоидани бузган, масалан телефон ёки шпаргалка билан қўлга тушган абитуриентларни 5–7 йилгача имтиҳонлардан четлатиш масаласи кўриб чиқиляпти.

“Бу борада халқаро тажриба ҳам ўрганилган. Тартибни бузган абитуриентлар 5-7 йилгача умуман қабул имтиҳонида иштирок этмаслиги, агар ОТМда ўқиса, талабаликдан четлаштириш масаласини норматив-ҳуқуқий жиҳатдан қонунийлаштириш йўлларини кўриб чиқяпмиз”, деди ДТМ директори Мажид Каримов.

Бу борада ҳамкорликда иш олиб борилаётгани айтилган Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура қандай муносабат билдиргани ҳозирча номаълум. Бизнингча, имтиҳонлардан 5-7 йилга бадарға қилиш – битта хато учун йиллаб товон тўлаттириш ва хато қилган ёшларни олий таълим остонасидан буткул қувиб солиш дегани.

***

Шахсни текшириш учун ИИБга олиб бориш амалиётига барҳам берилади

Фото: ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти

Кейинги йилдан бошлаб йўл патрул хизмати ходимлари билан бирга, патрул-пост хизмати ходимлари ҳам бодикамерадан фойдаланган ҳолда хизмат олиб боришга ўтиши мумкин. Ҳукуматнинг бу ҳақдаги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа тасдиқланса, 2023 йил 1 январдан “Е-patrul” тизими жорий этилади ва текшириш учун фуқарони ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади. Янги тартибда барча маълумотлар жойида планшет орқали текширилади.

Ички ишлар вазирлигининг бу таклифи интернетда олқишларга сазовор бўлди. Шу билан бирга, вазирликнинг ЙПХ ходимларини фото ва видеога олиб тарқатишни тақиқлаш ҳақидаги таклифи ҳамон муҳокамалар марказида бўлиб турибди. Куни кеча бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова вазирликнинг таклифини тўла қувват-қувватлашини маълум қилди.

Светлана Ортиқова ўз фикрини тушунтиришга уриниб, шахснинг ўз тасвирига бўлган ҳуқуқи масаласини гапирди. Унинг фикрича, ҳатто матбуот анжуманларида ҳам журналистлар уни суратга олиш учун ундан рухсат сўраши лозим. Бироқ таъкидлаш керакки, давлат хизматчиларини айнан иш вақтида, иш жараёнида тасвирга олиш унинг ўз тасвирига бўлган ҳуқуқининг бузилиши деб ҳисобланмайди.

Икки йил олдин эълон қилинган Фуқаролик кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳасига ана шу норма киритилган эди. Лойиҳада давлат хизматчиларини хизмат вазифаларини бажариш жараёнида тасвирга тушириш ва бундай тасвирлардан фойдаланиш учун улардан рухсат олиш шарт эмас деб белгиланиши кўзда тутилганди.

Ички ишлар вазирлигининг таклифи расмийлар порталда билдирилган фикрлар билан ҳисоблашишга қанчалик тайёрлигини ҳам кўрсатиб беради. Жамоатчилик лойиҳага 1200дан ортиқ таклиф қолдирди, улардан аксарияти – ЙПХ ходимларининг тасвирини тарқатиш тақиқланишига қарши.

***

Туркия билан стратегик ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳафтанинг муҳим сиёсий воқеаларидан бири Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг Ўзбекистонга ташрифи бўлди. Бу – Эрдўғаннинг Шавкат Мирзиёев президентлиги даврида Ўзбекистонга учинчи марта келиши. Тошкентдаги Янги Ўзбекистон боғидан бошланган ташриф Урганч ва Хива шаҳарларида якунига етди.

Ташриф доирасида Ўзбекистон ва Туркия стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди, ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратиладиган қатор ҳужжатлар имзоланди. Улар орасида савдони осонлаштириш ва ҳарбий ҳамкорлик тўғрисидаги битимлар ҳам бор.

Бундан ташқари, президентлар Қибрай туманида турк компанияси томонидан қурилган, 240 мегаватт қувватли ИЭС фаолиятига старт берди. Сирдарёда ҳам худди шундай станция қурилиши бошланди. Маълумот учун, Ўзбекистонда охирги бир йилнинг ўзида туркиялик компаниялар билан биргаликда 5 та йирик энергетика лойиҳалари амалга оширилган.

***

1 апрелдан бошлаб қонунчиликда қатор ўзгаришлар кучга кирди. Бу ўзгаришлардан асосийларини санаб ўтамиз.

Дарахт кесиш ҳолатлари ҳақида хабар берганларга 270 минг сўм тўланади. / Фото: Kun.uz

2010 йилдан олдин берилган ҳайдовчилик гувоҳномалари энди ҳақиқий эмас. Бироқ ҳали янгиланмаган гувоҳномалар учун жарима ёзилмаслиги айтилмоқда. Гувоҳномани янгилаш учун узун навбатлар юзага келгани ортидан, жараён 2 ҳафтага – 2 апрелгача тўхтатилган эди. Эски намунадаги “права”ни алмаштириш муддати яна бир йилга узайтирилиши кутиляпти.

Дарахт кесиш ҳолатларини фото ва видеога олиб, тегишли жойларга хабар берганларга пул тўланади. Ҳар битта ҳолат учун – 270 минг сўм. Бундан ташқари, экологияга оид бошқа турдаги ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берганларга ундирилган жариманинг 15 фоизини тўлаш тартиби ҳам кучга кириши кутиляпти, бунда мукофот пули бир неча ўн миллион сўм бўлиши ҳам мумкин.

1 апрелдан айрим боғчаларга болаларни 2 ёшдан қабул қилишга рухсат берилди. Айрим боғчалар деганда тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат боғчалари тушунилади. Улар болаларни 2 ёшдан бошлаб пулли хизмат кўрсатиш шаклида қабул қилиши мумкин. Шунингдек, боқувчисини йўқотган аёлларнинг фарзандлари давлат боғчаларига бориши бепул бўлди. Боқувчисини йўқотган аёллар 3 ёшгача бўлган болаларини хусусий боғчага беришса, уларга давлат томонидан субсидия тўланади.

Эндиликда ўзгалар парваришига муҳтож ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир марта санаторийларга бепул юборилади. Шароити оғир кексалар давлат томонидан дори воситалари ва протез-ортопедия мосламалари билан таъминланади, уларни жарроҳлик йўли билан даволаш харажатлари ҳам қопланади.

***

Якунланаётган ҳафтада яна нималар рўй берди?

Сирдарёнинг Боёвут туманида ноқонуний майнинг ферма 7,7 млн долларлик криптовалюта ишлаб чиқаргани айтилмоқда. / ДХХ видеосидан кадр

2017−2021 йилларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун ажратилган, лекин ҳалигача қайтарилмаётган имтиёзли кредитлар солиқ тўловчилар ҳисобидан қопланиши мумкин. Бу масала ҳукуматда кўриб чиқилмоқда.

Самарқандда биржадан сотиб олинган пропан номаълум суюқлик бўлиб чиқди. Сифатсиз ёнилғи автомобилларни ишдан чиқаряпти. Ажабланарлиси, пропан газини қазиб олган LUKOIL ҳам, уни қайта ишлаган “Ўзбекнефтгаз” ҳам масъулиятни зиммасига олмаяпти. Батафсил Kun.uz суриштирувида танишишингиз мумкин.

Президент касалхоналарда пропискаси бошқа жойда бўлган беморлар қабул қилинмаслигини танқид қилди. 1 апрелдан бошлаб давлат ҳисобидан даволаниш учун йўлланмалар бошқа ҳудуддаги давлат шифохоналари учун ҳам берилади. Ягона тўлов тарифларини тасдиқлаган ҳолда, даволаниш учун хусусий клиникаларга ҳам йўлланма бериш амалиёти кенгайтирилади.

Иккита шов-шувли ҳолат бўйича тергов якунланди. Тошкентдаги зоопаркда қизчасини айиқ қафасига ташлаб юборган аёл умрбод руҳий хасталикка чалинган бўлиб, унга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш масаласи кўриб чиқилади. Тошкент давлат педагогика университетида талаба қизни зўрлашга уринишда айбланаётган декан ўринбосарининг иши ҳам судга оширилди, иш ёпиқ судда кўриб чиқилади.

Ўзбекистон ва Тожикистон учта янги йўналишда автобус қатновини йўлга қўйди. Қозоғистон билан йўловчи поездлар қатнови эса номаълум муддатга кечиктирилди, Қозоғистон томони сабаб сифатида карантинни кўрсатди. Айни пайтда, расмий Тошкент Афғонистон муваққат ҳукуматини халқаро миқёсда тан олиш механизмларини ишлаб чиқишни таклиф этмоқда.

Сирдарёда йирик ноқонуний майнинг ферма фаолиятига чек қўйилди. Давлат хавфсизлик хизматининг маълум қилишича, бу ерда бир ярим йил ичида 7,7 млн долларга тенг криптовалюта ишлаб чиқарилган.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов хорижда даволанмоқда. Расмий хабарга кўра, 74 ёшли вазир ўн кун давомида Тошкентда даволанган, шундан сўнг хорижга олиб кетилган.

Терговда қийноққа солинган шахсларга зарарни давлат тўлаб бериши белгиланди. Бош прокуратура вафот этган ходимининг оиласига салкам 1 млрд сўм тўлайдиган бўлди. Инсон ҳуқуқлари миллий марказида Инсон ҳуқуқлари уйи ташкил этилди.

Ер сотиш ва фирибгарлик жиноятларидаги миллионлаб долларлар: Самарқандда 10 гектар ерни 250 минг долларга сотмоқчи бўлган МЧЖ раҳбари ушланди. Тошкентда бир шахс 2,5 гектар ерни 1,9 млн долларга, бошқа бири 2 гектар ерни 800 минг долларга сотмоқчи бўлганида қўлга олинди. Зангиота тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари қидирилмоқда.

2022 йил учун закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдори эълон қилинди. Закот нисоби 34 млн сўм, фидя миқдори 25 минг сўм, фитр садақаси Тошкент шаҳри учун 10 минг сўмдан 160 минг сўмгача деб белгиланди.

Рамазон барчамизга муборак бўлсин, азизлар.

Мавзуга оид