Тошкент шаҳрида ис газидан заҳарланиш оқибатида 6 киши вафот этди. Ҳодиса юзасидан Бош прокуратура расмий баёнот берди.

Вафот этганлардан ташқари яна 2 киши оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган хусусий уйда содир бўлган. Аниқланишича, уйнинг ертўла қисмига ўрнатилган иситиш қозони хавфсизлик талабларига жавоб бермаган, газ тармоғига эса белгиланган тартибда тегишли техник шартларсиз уланилган.

Ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 116, 257, 205-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Айни пайтда тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.

Бош прокуратура фуқаролардан газ ускуналари ва иситиш мосламаларидан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги талабларига қатъий риоя қилишни сўраган.

Шунингдек, газ ускуналари ва иситиш мосламалари белгиланган тартибда малакали мутахассислар томонидан ўрнатилиши ҳамда уларнинг техник ҳолати мунтазам текшириб турилиши лозимлиги таъкидланган.