Жамият | 08:10 / 08.12.2025
4161
2 дақиқада ўқилади

Ер майдони ва кадастр ҳужжатлари учун пора талаб қилганлар қўлга олинди

ДХХ ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳудудий бўлинмалари томонидан Тошкент, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида ер майдони ажратиш ва кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб бериш баҳонасида йирик миқдорда пора талаб қилган бир неча шахснинг ноқонуний фаолияти фош этилди.

Фото: Видеодан кадр

Тошкент вилоятидаги ҳолат

Оҳангарон туманидаги унитар корхона юристи, муқаддам судланган шахс харидорга Нурафшон шаҳрида паррандачилик билан шуғулланувчи хусусий корхонага ажратилган 90 сотих бўш ер майдонини 250 минг АҚШ долларига “сотишини” таклиф қилган.

У, шунингдек, кадастр идораларидаги танишлари орқали мазкур ер майдонида коттежлар қурилишига рухсат олиб беришини ваъда қилиб, ўз “хизмати” учун 30 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у аванс сифатида 40 минг АҚШ доллари олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Қашқадарё вилоятидаги ҳолат

Туман газ таъминоти бўлими ходими ўзининг мансабдор танишлари орқали Кўкдала туманида давлат захирасида бўлган 1 гектар ер майдонини харидорга 500 миллион сўмга “сотиш”га келишган.

У белгиланган суммадан олдиндан 20 минг АҚШ доллари олган пайтида тезкор тадбир давомида қўлга олинди.

Бухоро шаҳридаги ҳолат

Муқаддам судланган, ҳозирда маклерлик фаолияти билан шуғулланувчи шахс Бухоро шаҳрида яшовчи фуқародан унинг фойдаланувида бўлган, умумий майдони 1 250 квадрат метр бўлган кўчмас мулк объекти тоифасини ўзгартириб, тегишли кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш эвазига 14 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда у сўралган пул маблағини олган вақтда ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан қонунбузарларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Шунингдек, мазкур жиноят ишларига алоқадор бўлиши мумкин бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича ҳам суриштирув ишлари давом этмоқда.

 

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид