Президент Шавкат Мирзиёев 21 май куни Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммитида иштирок этди.
Венгрия бош вазири Виктор Орбан раислигида ўтган тадбирда Озарбойжон президенти Илҳом Алиев, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистион президенти Садир Жапаров, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳамда Туркий давлатлар ташкилоти бош котиби Кубаничбек Омуралиев ҳам қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди, амалий ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Шавкат Мирзиёев сўзининг аввалида жаҳонда геосиёсий ва геоиқтисодий зиддиятлар, минтақавий низолар ва иқлим ўзгариши оқибатлари кучайиб бораётган бугунги мураккаб вазият шиддат билан ўзгариб бораётганини қайд этди.
Президент долзарб халқаро муаммоларни ҳал этишда, биринчи навбатда, халқаро ҳуқуқ нормалари ва БМТ Низомига таянган ҳолда ташкилот давлатларининг умумий ёндашув ва позицияларини мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.

Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига тўхталар экан, Ўзбекистон етакчиси бу борада ишга солинмаган улкан салоҳият мавжудлигини кўрсатиб ўтди ва қатор янги таклифлар билдирди.
Сиёсий жиҳатдан Ўзбекистон ташаббуси билан Туркий давлатлар ўртасида стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши долзарб аҳамиятга эга экани таъкидланди. Ушбу ҳужжат халқларимизни янада яқинлаштириш ва кўп қиррали ҳамкорликнинг узоқ муддатли ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди.
Президент савдо-иқтисодий, инвестициявий ва транспорт-коммуникациявий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, ташкилот аъзоларининг умумий ташқи савдо айланмасида ўзаро савдо улушини ошириш мақсадида «Турк-трейд» онлайн платформасини яратиш ва товар айирбошлашни кўпайтириш бўйича амалий дастур қабул қилиш таклиф этилди.
Транскаспий халқаро йўлаги орқали юк ташиш ҳажмининг ўсишини таъминлаш ва божхона-чегара тартиб-таомилларини соддалаштириш мақсадида давлат раҳбари ушбу йўналиш бўйлаб «ягона дарча» ва «яшил йўлаклар» тизимини тез фурсатда жорий этишга чақирди. Бу борадаги ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида жорий йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида туркий давлатларнинг мультимодал транспорт ва логистика халқаро форумини ўтказиш режалаштирилган.


















