«Тошшаҳартрансхизмат» раҳбари Анвар Жўраев қамоққа олингани тасдиқланди
У мансаб сохтакорлиги ва растрата йўли билан талон-торож қилиш жиноятларида гумонланмоқда.
Транспорт вазирлиги Тошкент шаҳар бош бошқармасининг бошлиғи ва «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ раиси Анвар Жўраев қамоққа олинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати хабар қилди.
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида Бош прокурор ўринбосарининг Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 2-қисми «а» бандида (такроран мансаб сохтакорлиги) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинувчи ва Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси (суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш) тартибида ушланган Анвар Жўраев (1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бошқаруви раиси лавозимида ишлаган) га нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси кўриб чиқилди.
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2024 йил 7 февралдаги ажрими билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосарининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, гумон қилинувчи Анвар Жўраевга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қамоққа олиниши ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланди.
Бундан аввалроқ Kun.uz манбаси Анвар Жўраев Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи ҳамда «Тошшаҳартрансхизмат» раҳбарлигидан кетгани, у ҳибсга олинган бўлиши ҳам мумкинлигини хабар қилганди.
- Эслатиб ўтамиз, 29 январ куни президент раислигида ўтган йиғилишда транспорт соҳасининг бир қатор мансабдорлари, хусусан, Анвар Жўраевга ҳайфсан ва сўнгги огоҳлантириш берилганди. Давлат раҳбари Тошкент шаҳрида тирбандликни камайтириш ва жамоат транспортини яхшилашдаги камчиликларни бирма-бир санаб, мутасаддиларнинг бу борадаги ишлари қониқарсиз эканини қайд этганди.
- Маълумот учун, Анвар Жўраев 2017-2018 йилларда «Тошшаҳартрансхизмат» раиси бўлган, бироз муддат ишдан олиниб, 2019 йилда яна шу лавозимга қайтарилган.
Мавзуга оид
23:59 / 16.08.2024
Тошкентда автобуслар тезлиги 50 км/соатгача чекланади
07:56 / 19.07.2024
Тошкентда «Ғалабанинг 40 йиллиги» автобус бекати қулаб тушди
16:31 / 09.04.2024
Тошкентда йўловчининг қўлини қисиб қолган ҳолда ҳаракатланган автобус ҳайдовчиси ишдан кетди
19:49 / 26.02.2024