Ўзбекистон | 18:54 / 10.12.2025
5936
3 дақиқада ўқилади

Кўчмас мулк ва қурилиш материаллари учун солиқлар бозор нархида ҳисобланади

2026 йилдан Ўзбекистонда кўчмас мулк ва қурилиш материаллари бўйича солиқ базаси уларнинг бозор қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади. Ўзбекистонликларга онлайн товар ёки хизматлар сотадиган хорижий компаниялар солиқ органларида рўйхатдан ўтиши шарт бўлади – акс ҳолда, уларнинг фаолияти чекланади.

Фото: Kun.uz

2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда кўчмас мулк ва қурилиш материаллари бўйича солиқ базаси бозор қийматидан келиб чиқиб белгиланади. Бу президентнинг 10 декабрда қабул қилинган «Нақдсиз ҳисоб-китобларни оммалаштириш ва яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги.

Қурилиш ва савдо соҳасида фаолият юритувчи юридик шахслар томонидан ўзларининг устав капитали ва ундаги ўзгаришлар, шу жумладан, устав капиталига киритилган товарлар тўғрисидаги маълумотларнинг (электрон ҳисобварақ-фактура, онлайн-назорат касса техникаси чеки, божхона юк декларацияси, нотариус томонидан тасдиқланган олди-сотди шартномаси ва бошқа ҳужжатлар) ҳисобини юритиши шарт.

Мазкур турдаги операциялар амалга оширилганидан кейин 15 кун муддатда солиқ органларининг маълумотлар базасида шахсий кабинет орқали акс эттирилиши мажбурий бўлади.

Ушбу санадан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида жисмоний шахсларга солиқ органларида рўйхатдан ўтмасдан товарлар сотадиган ёки электрон хизматлар кўрсатадиган хорижий компаниялар хабарнома юборилгандан кейин 30 кун ичида рўйхатдан ўтиши шарт. Акс ҳолда, ушбу юридик шахсларнинг Ўзбекистондаги фаолияти чекланади.

Бундан ташқари, импорт қилинган озиқ-овқат маҳсулотларининг 9 ой (гўшт ва ҳўл мева-сабзавотларнинг 3 ой) давомида сотилмагани ва қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 500 бараваридан (206 млн сўм) ортиқ бўлган ушбу маҳсулотлар қолдиқда тургани ҳолати сайёр солиқ текширувини ўтказиш учун асос бўлади.

Камерал солиқ текширувини ўтказишда солиқ органлари аниқлаган тафовутни асослаш учун солиқ тўловчилар томонидан қўшимча ҳужжатлар тақдим этилганда, солиқ органлари томонидан уларнинг кўриб чиқилиши мажбурий ҳисобланади. Бунда камерал солиқ текшируви натижаси бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар солиқ тўловчи томонидан белгиланган муддатда бартараф этилган ҳамда солиқ ва йиғимлар, шу жумладан, пенялар тўлиқ тўланганда юридик шахснинг мансабдор шахслари жиноий ёки қонунчиликда назарда тутилган бошқа жавобгарликдан озод қилинади.

2026 йил 1 июлдан назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширувлар боди-камерадан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид