Нобел ассамблеяси баёнотида айтилишича, олимлар “ёруғлик билан бошқариладиган ион каналлари ва оптогенетикага оид кашфиётлари учун” мукофотланган.

Оптогенетика – асаб ҳужайраларини ёруғлик ёрдамида фаоллаштириш ёки уларнинг фаолиятини тўхтатиш имконини берадиган усул. Бу технология мияда хотира, ҳис-туйғу ва хулқ-атворни шакллантирувчи асаб занжирларини ўрганишда янги имкониятлар очган.

Петер Хегеманн ва Георг Нагел 2000-йиллар бошида бир ҳужайрали сувўтида ёруғликка сезгир оқсил – каналродопсинни аниқлаган. Кейинчалик Стэнфорд университети олими Карл Дейссерот каналродопсинни асаб ҳужайраларида қўллаб, уларнинг фаолиятини ёруғлик ёрдамида бошқариш усулини ривожлантирган.

Бу технология нейронларни жуда аниқ тарзда фаоллаштириш ёки нофаол ҳолатга ўтказиш имконини бериб, мия қандай ишлашини ўрганишда муҳим воситага айланган. Олимлар оптогенетика ёрдамида муайян хотиралар, ҳис-туйғулар ва хатти-ҳаракатларни шакллантиришда иштирок этувчи асаб занжирларини тадқиқ қилмоқда.

Оптогенетиканинг тиббиётда ҳам истиқболли қўлланиш соҳалари мавжуд. Хусусан, тадқиқотчилар бу усулдан кўриш қобилиятини тиклаш, шунингдек, айрим неврологик ва руҳий касалликларни ўрганиш ва даволаш имкониятларини тадқиқ қилмоқда.

2026 йилги Нобел мукофотларини эълон қилиш ҳафталиги 5 октябрда физиология ва тиббиёт йўналишида бошланди. Физика бўйича лауреатлар 6 октябр, кимё бўйича 7 октябр, адабиёт бўйича 8 октябр, Тинчлик мукофоти соҳиби 9 октябр ва иқтисодиёт бўйича лауреатлар 12 октябр куни эълон қилинади.