Ўзбекистон | 18:07 / 06.07.2024
61927
3 дақиқада ўқилади

Навоийда вояга етмаган қизни ўнга яқин киши зўрлади. Улардан бири шу ишни тергов қилган терговчи

Kun.uz манбаларига кўра, ҳозирда терговчи қамоққа олинган. Иш юзасидан беш йигитга турли муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Уларнинг 3 нафари вояга етмаган. Ҳозирда ушбу вояга етмаган қизни яна уч йигит зўрлагани ҳолати юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Навоий шаҳрида 16 ёшга тўлмаган қизни бир нечта йигит зўрлади. Kun.uz мазкур жиноят иши билан боғлиқ суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмида келтирилишича, 2023 йилнинг декабр ойида Навоий шаҳрида жойлашган музқаймоқ шохобчаси ертўласида бир нечта йигит 2008 йилда туғилган, вояга етмаган қизни навбати билан зўрлаган. Айбланган йигитларнинг энг каттаси 23, энг кичиги эса 18 ёшда.

Навбаҳор туманида яшовчи, ўша вақтда мактаб ўқувчиси бўлган 18 ёшли йигит Навоий шаҳридаги истироҳат боғида ўрнатилган аттракционда эркин ёлланма ишчи бўлиб ишлаган. 2023 йил 4 декабр куни соат 21:00лар атрофида унинг ёнига олдиндан таниш бўлган вояга етмаган қиз келган. Улар бироз гаплашиб тургач, йигит қизни аттракцион ёнидаги ертўлага олиб тушган ва у билан ғайритабиий усулда жинсий алоқада бўлган. Сўнгра ертўлага навбати билан яна учта йигит кириб чиққан. Яна бир йигит қизни тергов давомида аниқлашнинг имкони бўлмаган манзилга олиб бориб, ўша ерда бир неча кун бирга яшаган ҳамда у билан жинсий алоқада бўлган.

Ҳолат юзасидан 6 нафар йигитга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишлари бўйича Навоий шаҳар судининг 2024 йил 7 июндаги ҳукми билан йигитларнинг учтаси Жиноят кодексининг 128-моддаси 3-қисми “а” бандида (такроран, хавфли рецидивист томонидан ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш), иккитаси Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисмида (ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш) назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган.

Суд ҳукми билан судланувчиларнинг икки нафарига 3,5 йил, бир нафарига 4,5 йил ва бир нафарига 5 йил 1 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Навоий шаҳар ИИБ терговчиси (терговчининг исми шарифи таҳририятга маълум) мазкур ишни тергов қилиш жараёнида, яъни 2024 йилнинг январ ойида Тошкентда малака ошириш ўқув курсида бўлиб турган вақтда, ушбу вояга етмаган қизни Тошкент шаҳрига чақириб, у билан жинсий алоқа қилган. Буни Kun.uz’нинг бир-биридан мустақил бўлган икки манбаси тасдиқлади. Манбаларга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Навоий вилоят прокуратураси томонидан иш очилиб, терговчи ҳам қамоққа олинган.

Шунингдек, ҳозирда яна уч йигитнинг юқорида айтилган жиноий ишда жавбрланувчи бўлган вояга етмаган қизни зўрлаганлик ҳолати бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов ушбу ҳолат бўйича Kun.uz сўровини жавобсиз қолдирди. Навоий вилояти ИИБ матбуот хизмати эса бу ишдан хабарсиз эканини билдирди.

Мавзуга оид