Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда аҳолини рўйхатга олиш учун тахминан 150 млрд сўм сарфланади
Статистика қўмитасининг Kun.uzʼга маълум қилишича, аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари учун дастлабки режалаштирилган харажатлар (1,5 трлн сўм) 10 баробарга қисқартирилган. 2026 йилда бошланадиган йирик тадбирда аҳоли билан бирга қишлоқ хўжалиги ҳам рўйхатга олинади.
Фото: moiti.uz
19 сентябр куни президентнинг «Ўзбекистон Республикасида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш тўғрисида»ги 173-сонли фармони эълон қилинди.
Унга кўра, рўйхатга олиш тадбири 2026 йилнинг 15 январидан 28 февралигача ўтказилади. Дастлабки 17 кун жараён интернет орқали амалга оширилса, кейинги муддатда “маҳалла еттилиги” иштирокида уйма-уй юриб ўтказилади.
Статистика қўмитасининг Kun.uzʼга маълум қилишича, жараённинг бир қисми интернет орқали амалга оширилиши ва тадбирда қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш параллел ўтказилиши сарф-харажатларни қисқартиради.
“Дастлабки режаларимизга кўра, рўйхатга олиш тадбирлари учун 1,5 трлн сўм маблағ сарфланиши керак эди. Лекин харажатларни 10 баробарга қисқартирдик – 2026 йилдаги аҳолини рўйхатга олиш тадбирларига тахминан 150 млрд сўм сарфланиши кутиляпти - дейди қўмита матбуот котиби Усмон Абдурасулов.
Харажатларнинг асосий қисми тадбирда иштирок этувчи маҳалла ходимларини рағбатлантириш ҳамда тарғибот ишларини ташкил этишга йўналтирилади.
Шунингдек, қўмита масъули Kun.uz’нинг жараёнлар нега қишда, совуқ мавсумда ўтказилаётгани ҳақидаги саволига жавоб берди.
“Аввалги режаларимизга кўра, тадбир октябр ойида ўтказилиши керак эди, чунки бу пайтда меҳнат мигрантлари уйларига қайтади. Лекин кейинчалик қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ҳам параллел амалга оширилишини ҳисобга олиб, экиш ва йиғим-терим пайтига тўғри келмайдиган муддатни танладик. Январ-февралда кўпчилик уйда бўлади”, – деди у.
Нега Ўзбекистонда аҳоли рўйхатга олиняпти?
Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамроевнинг таъкидлашича, рўйхатга олиш нафaқат демографик таркиб ва яшаш шароитлари ҳақида маълумот беради, балки озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий дастурларни ишлаб чиқиш, демографик ривожланиш ҳамда шаҳарсозлик лойиҳаларини белгилашда муҳим манба бўлади.
“Статистика қўмитаси, Маҳаллалар уюшмаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигига кенг кўламли тушунтириш ишларини олиб бориш вазифаси юклатилди. 3-3,5 ой давомида жамоатчиликка тадбирнинг аҳамияти, шахсга доир маълумотлар хавфсизлиги бўйича батафсил маълумот берилади.
Ҳудудий комиссиялар ташкил этилди, дастлабки хатлов ишлари бошланди. Энди саволлар ва моддий-техника имкониятлар юзасидан амалий тайёргарлик олиб борилмоқда”, - деди Беҳзод Ҳамроев.
Маълумот учун
Ўзбекистонда аҳолини охирги марта рўйхатга олиш ишлари 1989 йилда ўтказилган. Мустақилликдан кейин бу жараён илк бор 2026 йилда амалга оширилади.
Рўйхатга олиш натижалари мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиши, ресурсларни режалаштириш ва ҳудудий дастурларни белгилашда асосий манба сифатида хизмат қилиши кутилмоқда.
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш нафақат демографик жараёнларни таҳлил қилиш, балки иқтисодий ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш, ижтимоий хизматлар билан таъминлаш, урбанизация жараёнларини бошқариш, меҳнат бозори мувозанатини сақлаш, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя тизимларини самарали ташкил этиш учун зарур пойдевор вазифасини бажаради.
Мавзуга оид
18:22 / 27.11.2025
Жаҳон банки билан бирга статистикани ривожлантириш миллий стратегияси ишлаб чиқилади
09:43 / 30.10.2025
Аҳолини рўйхатга олишдан олдин эҳтиёт чоралари эълон қилинди
15:00 / 24.09.2025
1 ноябрдан аҳолининг айрим тоифаларини рўйхатга олиш ташкил этилади
13:32 / 23.09.2025