Иқтисодиёт | 14:33 / 13.09.2025
4653
4 дақиқада ўқилади

«Олтинга нисбатан бу механизмни қўллаб бўлмаса керак» – МБ раиси қўшимча даромадларни жамғариш ҳақида

Марказий банк раиси Тимур Ишметовга кўра, тушумларни жамғариб бориш механизми нефтга ўхшаган маҳсулотлар сотувида кўпроқ қўлланади, олтин табиий равишда контрциклик функцияга эга. «Олтиннинг ўзи автоматик стабилизатор», - деди регулятор раҳбари.

Жорий йилда глобал беқарорлик фонида олтин нархининг рекорд даражада қимматлашиши юз беряпти. Бу эса Ўзбекистоннинг даромадларини сезиларли даражада оширди. Иқтисодчилар олтиндан юқори тушумларни иқтисодиётга тўлиқ киритиб юбормасдан, жамғариб боришга чақиряпти. Чунки сўмнинг мустаҳкамланиши чўзилиб кетса, бунинг таъсири зарарга хизмат қилиши мумкин деган қараш бор. 11 сентябр кунги матбуот анжуманида Kun.uz мухбирининг бу борадаги саволига Марказий банк раиси Тимур Ишметов жавоб қайтарди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Регулятор раҳбари олтин ҳисобидан шаклланаётган даромадлар Марказий банкда эмас, ишлаб чиқарувчи ташкилот ва бюджетда жамланиб боришини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шундан сўнг, у олтиндан келаётган қўшимча даромадларни жамғариш ғоясига изоҳ берди.

«Ўтган даврда олтин нархи ижобий шаклланиши бизнинг иқтисодиётимиз учун, албатта, ижобий ҳолат. Бир томондан, бу ўша корхоналарда қўшимча маблағ пайдо бўлишига олиб келади. Шу билан бирга, бюджетга солиқ тушумлари ҳам кўпаяди. Барчамиз биламизки, олтин ҳисобидан бюджетга солиқ тушумларининг улуши катта. Ортиқча даромадни сақлаб қолиш ёки қолмаслик бўйича изоҳни, биринчи навбатда, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бериши керак деб ўйлайман. Ҳозир ҳамкасблар ўрнига изоҳ бериб, нотўғри сигнал узатиб қўймаслигимиз лозим. Иқтисодиётда маълум бир хомашё товарларининг нархлари ижобий томонга ўзгарганда ортиқча даромадни сақлаб қолиш ғояси шундан иборатки, иқтисодиётда узоқ муддатда ижобий ва салбий цикллар бўлади. Ижобий циклда бюджетга тушумлар кўпроқ бўлади, рецессия пайтида эса камроқ бўлади. Харажатларни бир маромда юритиш учун ижобий даврда ортиқча даромадни сақлаб қолиб, рецессия пайтида уни ишлатиш механизми бутун дунёда бор. Бу одатда нархи иқтисодий цикл билан бирга ўзгарувчи товарларга татбиқ этилади», деди Тимур Ишметов.

Марказий банк раисининг таъкидлашича, тушумларни жамғариб бориш механизми нефтга ўхшаган маҳсулотлар сотувида кўпроқ қўлланади, олтин табиий равишда контрциклик функцияга эга.

«Масалан, нефт. Иқтисодий цикл ижобий бўлганда нархи ошади, бюджетга тушумлар кўпроқ бўлади, рецессия пайти эса нефт нархи, ундан келадиган даромадлар ҳам камаяди. Шунинг учун бундай механизмлар одатда нефт билан боғлиқ бўлади. Олтин нархида шароит сал бошқачароқ. У табиий равишда контрциклик функцияга эга. Яъни муаммоли даврларда ҳамма олтинга инвестиция қилишни бошлайди, унинг ўзи автоматик стабилизатор. Нефт билан тескари юриш функцияси бор. Шу жиҳатдан олтин бўйича даромадларни сақлаб қолиш бўйича ғояни амалиётда қўллаш қийин. Чунки дунёда иқтисодиёт барқарор бўлган вақтда унинг нархи нисбатан пастроқ бўлади, қўшимча даромадлар бўлмайди. Охирги пайтда олтин нархи ошиши эса айнан дунёда ноаниқликлар мавжуд бўлгани билан боғлиқ. Бу ерда жуда кўп омиллар мавжуд, буни биласизлар. Ҳамиша бўлмаса ҳам, аксарият ҳолатларда сиз айтган функцияни олтин ўзи автоматик равишда бажаради. Шунинг учун айнан олтинга нисбатан бу механизмни қўллаб бўлмаса керак деб ўйлайман», деди Ишметов.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид