Тошкентдаги мактаблардан бирида ўқитувчи «гап қайтаргани» учун ўқувчини урди
Ҳодисага 6-синф ўқувчиси рус тили дарси вақтида ўқитувчидан дарсни шу тилда олиб боришни сўрагани сабаб бўлгани айтилмоқда. Ўқувчининг онаси болалар омбудсманига айтишича, синф раҳбари ҳам ўқитувчининг ёнини олиб, ўқувчини ундан узр сўрашга мажбурлаган.
23 сентябр куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманидаги 188-мактабда рус тили ўқитувчиси дарс вақтида ўқувчини калтаклагани акс этган видео тарқалди.
Видеода ўқитувчи аввал ўқувчининг қулоғидан тортгани, кейин юзига зарба туширгани, бўғгани, бошини доскага урганини кўриш мумкин.
Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳолатга расмий муносабат билдирди. Воқеа иккинчи сменада ўқийдиган 6-«В» синфида рус тили фани дарсида рўй бергани аниқланган.
«Видеотасвирдаги рус тили фани ўқитувчиси синов муддати билан мактабга ишга таклиф қилинган, расман у 188-мактабга ишга қабул қилингани бўйича ҳали буйруқ чиқмаган ва юқоридаги воқеа унинг дастлабки иш кунида содир бўлган.
Маълум бўлишича, ўқувчи устозига гап қайтарган ва тортишиб қолган. Сўнгра ўқитувчи ўқувчининг қулоғидан чўзган, ўтирган жойидан партасидан тортиб олиб чиққан ва ўқувчининг юзига тарсаки туширган. Ўқувчига тан жароҳати етказилмаган, саломатлиги жойида», дейилади хабарда.
Ҳолатдан хабар топган ўқувчининг ота-онаси ўқитувчи камера ёзувларини олган ва ўқитувчининг хатти-ҳаракати юзасидан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган. Ҳозирда Чилонзор тумани ИИБ терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.
Ҳолат юзасидан болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ҳам муносабат билдирган.
«Таълим муассасаларида болаларга нисбатан жисмоний зўравонлик, номуносиб муомалага йўл қўяётган шахслар нафақат лавозимидан ёки вазифасидан озод этилиши, балки ҳар қандай ҳолатда ҳам қонун доирасидаги тегишли жавобгарликка тортилиши шарт», дея ёзган у ўз телеграм-каналида.
Боланинг онаси омбудсман билан суҳбатда синф раҳбари ҳам болага бундай зўравонлик содир бўлганидан хабар топган бўлса-да, вазиятни тўлиқ ўрганмай, болани эшитмай, ходисага унинг ўзи айбдорлигини айтиб, болани бутун синф олдида ўқитувчидан кечирим сўрашга мажбур қилган. Мурожаатчи бундай муносабат натижасида, бола ҳозирда жуда тушкун ҳолатдалиги ва мактабга боришни истамаётганини билдириб, фарзандининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраган.
«Осторожно, новости» телеграм-канали хабарига кўра, можаро ўқувчи ўқитувчидан дарсни рус тилида олиб боришни сўраши ортидан келиб чиққан. Ота-онанинг маълум қилишича, ўқитувчи улар билан суҳбатда ҳеч нарсадан афсусда эмаслигини билдирган ва гўёки «Ўзбекистон ўзбеклар учун экани, қолганлар эса кетиши мумкинлиги»ни айтган.
Мавзуга оид
15:29 / 19.12.2024
Индонезияда аёлларга нисбатан зўравонлик туфайли фавқулодда ҳолат эълон қилинди
11:02 / 19.12.2024
Навоийда бир мактабдан кетма-кет уч ўқувчи вафот этди
10:25 / 12.12.2024
Мактабларда қишки таътил 29 декабрдан бошланади
16:06 / 11.12.2024