Тошкент шаҳрида бокс бўйича Париж-2024 Олимпия ўйинлари чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, юқори тезликда ҳаракатланди. У буни видеога олдириб, Instagram саҳифасига жойлаштирган.

Кейинроқ видео ўчириб юборилди.

Мўйдинхўжаев видеосида у шаҳар марказида 110 км/соат тезликда ҳаракатланганини кўриш мумкин. Шаҳарда тезлик чеклови эса 60 км/соатни ташкил қилади.

МЖтКга кўра, спортчи белгиланган тезликдан 50 км/соат тезроқ юргани учун 3 млн 60 минг сўм жарима тўлаши керак бўлади.

Ижтимоий тармоқдаги реакция

Бу ҳолат ижтимоий тармоқ фаоллари ва фойдаланувчилар томонидан эътирозга учради. 

Ҳуқуқшунос ва блогер Хушнуд Худойбердиев киноя билан у Олимпиада чемпионлиги учун олган мукофот пули «яна 823 марта шундай қоидабузарлик қилишга етиши»ни айтади.

«Ҳаммасига ўзимиз айбдормиз. Қоидабузарликларни мақтаймиз, буни кўз-кўз қилганларни қўллаб-қувватлаймиз. Бунақа қоидабузарларни «крутой» деймиз, қоидага амал қиладиганларни «лох» деймиз. Қоидабузарларга қарши курашганларни «казёл» деймиз.

Шу сабабли ҳар куни кўчаларимизда 10 га яқин инсон автоҳалокатдан вафот этаверади. Кимлардир отасидан, кимлардир онасидан, кимлардир фарзандидан айрилиб қолаверади. Минг афсус...

Қоидабузарлигини интернетга мақтаниб жойлайдиганларнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини бекор қилиш ҳақидаги қонун қачон қабул қилинади? Жарима баллари тўғрисидаги қонунни қачон охирига етишади? Ўзи умуман қачон тартибга солинади бунақа ҳолатлар? Қачон қатъий жавобгарлик белгиланган даврларга келамиз? Нега ухлаяпмиз? Пулини тўлаб, истаганини қилса бўладиган қонунлар шармандалик эмасми?» дея саволлар қўйган у.

Блогер Шаҳноза Соатова ушбу боксчига қатъийроқ чора кўришга, қоидабузарлик содир этилган автомобилни олиб қўйишга чақирган.

«Бокс бўйича Олимпиада чемпиони Асадхўжа Мўйдинхўжаев «Президент совғаси» деб ёзилган автомобилда Тошкент кўчаларида соатига 110 км тезликда ҳаракатланибди. Ва буни чиройли мобилографик композиция қилиб тармоққа жойлабди (яъни тасодифан видеога тушиб қолмаган).