Ўзбекистон | 17:49 / 19.05.2026
1728
2 дақиқада ўқилади

Айрим педагогларга самолёт ва поезд чиптаси учун чегирма берилиши мумкин

Ўзбекистонда рейтинги энг юқори 100 та мактаб, 100 та боғча, 20 та техникум ва 10 та олийгоҳ педагогларига ички йўналишлардаги самолёт ва поезд чипталарига йилда бир марта 15 фоизгача чегирма бериш тартиби йўлга қўйилиши мумкин. Тегишли қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. “Афросиёб” ва “Жалолиддин Мангуберди” каби юқори тезликда ҳаракатланувчи поездлар истисно қилиняпти.

Фото: Евгений Сорочин / ЮНИСЕФ

Ўзбекистонда педагогларга мамлакат бўйлаб саёҳат қилиш учун самолёт ва поезд чиптаси нархига чегирма берилиши мумкин. Бу ҳақдаги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Мазкур ташаббусни 2025 йил сентябр ойида президент Шавкат Мирзиёев илгари сурган эди.

Қарор лойиҳага кўра, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб қуйидаги педагогларга Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш учун авиа ва темир йўл чиптасига йилда бир марта чегирма бериш тартибини доимий асосда жорий этиш таклиф этилмоқда:

  • республика рейтингида юқори юзталикка (топ-100) кирган умумтаълим ва мактабгача таълим ташкилотлари педагогларига;
  • топ-20 таликка кирган техникумлар педагогларига;
  • топ-10 таликка кирган олий таълим ташкилоти педагогларига.

Бунда самолёт ва поезднинг (юқори тезликда ҳаракатланувчи поезд бундан мустасно) эркин сотувда бўлган эконом-класс, плацкарт ёки купе типидаги вагон чипта нархининг тариф қисмига 15 фоиз чегирма берилади. Бунда саёҳат бевосита (бошқа йўналишларга ўтказишсиз бориш ва келиш учун) амалга оширилади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим вазирлиги рейтингга кирган таълим ташкилотлари тўғрисидаги маълумотларни «Ўзбекистон темир йўллари» ва Uzbekistan airways компанияларига доимий равишда тақдим этиб боради. Таълим ташкилоти раҳбари томонидан Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилиш истагини билдирган ҳар бир педагогга иш жойи ва лавозими тўғрисидаги маълумотнома берилади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид