12 сентябр куни ЖИБ Юнусобод туман судида Азиз Воитов ва бошқаларга (жами 50 нафар судланувчи) оид жиноят иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.

Суд мажлиси аввалида раислик қилувчи Сардор Содиқов тарафлардан илтимоснома бор-йўқлигини сўраган. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги қошидаги хизмат кўрсатиш агентлигидан вакил, фуқаровий даъвогарлардан бири Ғофур Маҳкамов томонидан суд мажлисини ёпиқ тарзда ўтказиш ҳақидаги илтимоснома киритилган.

Ишга раислик қилаётган судя Сардор Содиқов суд мажлисининг бошқа иштирокчиларидан бунга муносабатини сўраган. Бир неча адвокатлар, жумладан, Раҳматов, Қиличов, Алимов ва Янгибоев буни қўллаб-қувватламасдан, Жиноят-процессуал кодексида 2 хил ҳолатда давлат сири ва жинсий зўравонлик билан боғлиқ ҳолатларда ёпиқ суд мажлислари бўлишини таъкидлаган. Бошқа адвокатлар эса судга ҳавола қилишини айтган.

Айрим судланувчилар ҳам суд мажлиси ёпиқ тарзда кўрилишига қаршилигини маълум қилган.

Маслаҳатхонага кирган судя хизмат доирасидан фойдаланиш мумкин бўлган маълумотлар янграшини инобатга олган ҳолда шундай қарорга келганини маълум қилиб, суд мажлиси ёпиқ тарзда кўрилиши бўйича илтимосномани қаноатлантирган. Раислик қилувчи журналистларга буни тўғри тушунишни айтгандан сўнг ОАВ вакиллари суд залини тарк этган.

Аввалроқ собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва яна 49 кишига нисбатан суд иши бошлангани хабар қилинганди. Ушбу суд ишида журналистларга фото ва видеога олиш тақиқланди. Антикоррупция агентлиги мазкур ишда суд мажлислари очиқ тарзда ўтказилиши мақсадга мувофиқлигини билдирди.