27 октябрдан 28 октябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳрида ноқулай метеорологик шароитлар таъсирида ҳаво сифати яна ўзгаргани қайд этилган. Тун давомида шаҳарда ҳаво сифати AQI бўйича «ноқулай» даражада сақланган. Айрим кузатув нуқталарида «жуда ноқулай» кўрсаткичлар қайд этилган. Миллий ҳаво сифати индекси бўйича шаҳар ўртача кўрсаткичи PM2.5 бўйича «сариқ», PM10 бўйича эса «зарғалдоқ» даражада бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Экологик вазиятни яхшилаш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича республика махсус комиссиясига таяниб хабар берди.
28 октябр куни кундузги соатларда Тошкент шаҳрида ҳаво сифати Халқаро AQI индекси бўйича «қизил» («ноқулай»), миллий индекс бўйича асосан «сариқ» («ўртача»), айрим муддатларда эса «зарғалдоқ» («сезгир гуруҳлар учун носоғлом») даражада бўлмоқда. Кечки соатларда ҳам ҳаво сифати «ноқулай» даражада сақланиши мумкин.
Аҳолининг сезгир қатламига, хусусан, болалар, кексалар, ҳомиладор ва эмизикли аёллар, юрак-қон томир ва нафас йўли касалликларига чалинганларга кечқурун ва тунда имкон қадар ташқарига чиқмаслик тавсия қилинади. Ташқарига чиққанда ҳимоя ниқобидан фойдаланиш ва очиқ ҳавода узоқ қолмаслик лозим. Кечқурун ва тунда деразаларни ёпиқ тутиш тавсия қилинади.


Ҳаво сифати ёмонлашишига ҳарорат пасайиши, жуда кучсиз шамол ҳамда маҳаллий ва қўшни ҳудудларда шаклланган ҳаво массаларининг шаҳар атрофида тўпланиши сабаб бўлмоқда.
«Ушбу шароитлар ифлослантирувчи моддалар тарқалишини чеклаб, маҳаллий атмосфера ташламаларининг ер юзасига яқин қатламда сақланиб қолишига олиб келди», – дея қайд этади қўмита.

















