Ўзбекистон | 17:13 / 08.01.2025
16264
3 дақиқада ўқилади

“Umid avto” раҳбари қамоққа олинди. У жуда кўп миқдордаги фирибгарликда гумонланмоқда

Фуқароларга осон шартларда автомобил олиб беришни ваъда қилиб, “автолизинг” фаолияти билан шуғулланувчи бир неча фирмалар раҳбари бўлган Абдуманноп Абдураҳмонов процессуал тартибда ушланди. У шу йил 6 январ куни очиқда бўлган ва Kun.uz суриштирувида ўзини кўрсатмаслик шарти билан интервю берганди. Айни кунда Чилонзор туман судида ҳам Абдуманноп Абдураҳмонов ва бошқаларга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилмоқда. Ундаги жабрланувчилар сони 200 кишидан ортиқ.

“Umid avto companes” МЧЖ раҳбари Абдуманноп Абдураҳмонов қамоққа олинди. Бу ҳақда Kun.uz’га ИИВ Тергов департаменти хабар берди.

Маълум қилинишича, Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан “Umid avto companes” МЧЖ раҳбари ва жамиятнинг бошқа мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

“Тергов ҳаракатлари натижасига кўра, жамият мансабдор шахслари

А.А., М.Н. ва С.И.га нисбатан Жиноят кодексининг 168, 188-1 (пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) ҳамда бошқа моддаларнинг тегишли қисмлари билан айблов эълон қилинган. Жиноят иши 2024 йил 3 сентябр куни айблов хулосаси билан жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судига юборилган.

Шунингдек, тергов жараёнида айбланувчи Абдуманноп Абдураҳмонов “Umid avto”, “Orient avto”, “Business Orient auto”, “Orient auto hamkor”, “Umid auto xizmati”, “Umid avto companes” ва “Orient auto Toshkent” МЧЖларнинг раҳбари сифатида фаолият олиб боргани аниқланган”, дейилади маълумотда.

Қўшимча қилинишича, терговнинг тўлиқлигини ва қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида дастлаб қўзғатилган жиноят ишидан Абдуманноп Абдураҳмонов ва бошқаларнинг қисмлари алоҳида иш юритувга ажратилиб, айни дамда жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни қоплаш чоралари кўрилмоқда. Тергов ҳаракатлари жараёнида Абдуманноп Абдураҳмонов процессуал тартибда ушланган.

Ҳозирда, жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан олиб борилиб, барча айбдорларни терговга жалб қилиш чоралари кўрилмоқда. Тергов якунига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланиши билдирилган.

Суд мажлислари жадвалига кўра, Абдуманноп Абдураҳмонов, Муҳаммадмусо Ниғмонжонов ҳамда Ихтиёр Саидовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши Чилонзор туман судида кўриб чиқилмоқда. 2024 йил ноябр ойида бошланган суд мажлислари ҳали давом этмоқда. Жиноят ишида 200 нафардан ортиқ шахс жабрланувчи сифатида ўтган.

Kun.uz олдинроқ «Umid auto leasing»дан одамлар норози экани, фирма билан шартнома тузганлар пулини ҳам, машиналарини ҳам ололмаётгани ҳақида суриштирув эълон қилганди. Шу йил 6 январ куни бўлган суҳбатда Абдуманноп Абдураҳмонов Kun.uz’га изоҳ бериб, машиналар ўз вақтида топширилмаганини 2022-2023 йилларда бир неча ўнлаб лизинг компаниялар ёппасига ёпилиб кетгани билан изоҳлаган эди.

Мавзуга оид