Ўзбекистон | 23:19 / 10.06.2025
18816
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон элчихонаси Москвадаги ҳолат юзасидан Россияга нота юборди

РФ ҳудудида айрим ҳолатларда Ўзбекистон фуқароларига нисбатан қўпол муомалалар кузатилмоқда. Ташқи ишлар вазирлиги бундай хабарлар ташвиш уйғотаётганини билдириб, Россиянинг тегишли идораларини ҳурмат билан муносабатда бўлишга чақирди.

Фото: Видеодан кадр

Бугун, 10 июн куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида Россия томони билан ҳар ой миграция масалалари бўйича ўтказиладиган навбатдаги учрашув ташкил этилди, деб ёзади ТИВ матбуот котиби.

Учрашувда Россия Федерацияси ҳудудида айрим ҳолатларда Ўзбекистон фуқароларига нисбатан рухсатсиз текширувлар, ҳурматсизлик ва қўпол муомалалар кузатилаётгани тўғрисидаги хабарлар ташвиш уйғотаётгани таъкидланган.

Бундай ҳолатлар икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларга асло тўғри келмаслиги, уларнинг олдини олиш учун аниқ чора-тадбирлар зарурлигига эътибор қаратилган.

«Ўзбекистон хорижда яшаётган ва вақтинча бўлиб турган фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни ўзининг устувор вазифаси деб билади», — дейилади хабарда.

Фото: ТИВ

Қайд этилишича, ушбу масала юзасидан Ўзбекистоннинг Москва шаҳридаги элчихонаси томонидан ҳам Россия томони билан тегишли дипломатик каналлар орқали мулоқот олиб борилмоқда. Ўзбекистон томони барча фуқароларга нисбатан халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини таъминлашга чақиради.

«Шу муносабат билан, Россия Федерациясининг тегишли идораларини Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмасликка чақириб қоламиз.

Москвадаги ҳолат юзасидан Россия Ташқи ишлар вазирлигига Элчихонамиз томонидан нота юборилиб, Россия ТИВдан ушбу ҳолатга изоҳ бериш ҳамда инсон ҳуқуқлари яққол бузилганлиги акс этганлиги, бу эса қабул қилиб бўлмас ҳолатлиги таъкидланиб, куч ишлатар ташкилот вакилларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш сўралган», — дейилади хабарда.

Таъкидланишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ушбу масалани ўзининг доимий назоратида ушлаб туради ва керакли ҳолларда қўшимча чоралар кўришни давом эттиради.

Эслатиб ўтамиз, 8 июн куни Россия кучишлатар тузилмалари Москвада ўтказган рейд тадбирларида мигрантларни ҳақоратлаб, куч ишлатди. Санкт-Петербургдаги рейдда эса 200 киши кўчада тунашга мажбур бўлган. Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси ҳолат назоратга олинганини айтиб, жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бўлса мурожаат қилишни сўради.

Тайёрлаган:  Фозилбек Юсупов

Мавзуга оид