5 сентябр куни Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек тумани суди қишлоқ хўжалиги вазирининг собиқ ўринбосари Алишер Тўраев, унинг қизи Анаис Тўраева ҳамда қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази собиқ ҳисобчиси Мансур Қўзибековга нисбатан ҳукм чиқарган. Бу ҳақда суд қарорини ўрганган «Газета.uz» хабар берди.
Маълум қилинишича, 2021 йил сентябр ойида қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази раҳбари (буюртмачи) Алишер Тўраевнинг ўғлига тегишли бўлган De Nova Agro компанияси 1 млн дона узум кўчатини етказиб бериш бўйича 9,95 млрд сўмлик тендерда ғолиб бўлган. Ўша пайтда компания директори унинг қизи Анаис Тураева бўлган.
Иш материалларига кўра, Алишер Тўраев тендер комиссиясини «ўзига содиқ одамлар»дан (улар алоҳида жиноий ишда кўрсатилган) тузган, улар комиссия йиғилиши баённомасини имзолаган, лекин аслида у ўтказилмаган.
Манфаатлар тўқнашувига қарамай, собиқ вазир ўринбосари унинг ўғли Бекжон Тўраев таъсисчи бўлган De Nova Agro компаниясининг тендер савдоларида ғалаба қозонган. 2021 йил 30 август куни корхона билан in-vitro усулида 1 млн дона узум кўчати етказиб бериш бўйича 9,95 млрд сўмлик шартнома тузилган.
Суд қарорида қайд этилишича, амалда бу кўчатлар марказга етказиб берилмаган бўлса-да, маҳсулот қабул қилингани ҳақида бир нечта сохта электрон ҳисоб-фактуралар расмийлаштирилиб, «талон-торож қилинган» маблағлар ўтказиб берилган.
Тўраев, унинг қизи ва марказ ҳисобчиси ҳам маҳсулотларни қабул қилиш ва топшириш бўйича бошқа расмий ҳужжатларни сохталаштиришда айбланмоқда. Маълум қилинишича, улар 2023 йилда иссиқхоналардаги 283,4 минг туп кўчатларнинг кўчат экиш вақтида илдизлари шикастлангани, электр таъминотининг мунтазам узилиши, суғориш тизимидаги носозликлар туфайли нобуд бўлгани ҳақидаги бир неча маълумотномаларни қалбакилаштиришган, бироқ ўсимликлар нобуд бўлиш тугул, аслида етказиб берилмаган.
Суд қарорида қайд этилганидек, Тошкент вилояти агрохизматлар марказига 562,8 минг дона кўчат ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномалар сохталаштирилган бўлса-да, аслида у ерга етказиб берилмаган. Шунингдек, ўсимликларни парваришлаш ва иш ҳақи учун 509,1 млн сўм асоссиз ҳисобланган.
Судда Алишер Тўраев ўз айбига қисман иқрор эканини билдирган. Унинг тан олишича, келишувда кўрсатилганидек 1 млн туп эмас, 5−25 см баландликдаги 700 минг туп кўчат етказиб берилган. Кўчатларни парвариш қилиш учун мавсумий ишчиларни жалб қилиш, ўғит, ҳимоя ва бошқа воситаларни сотиб олиш учун қонуний равишда маблағ ажратилган. Бу масалада у ўзини айбдор деб ҳисобламайди. У қолган 300 минг кўчатни етказиб беришга тайёрлигини айтган.















