Қувасойда дарахтлар ноқонуний кўчирилган, зарар 2 млрд сўм атрофида – Эковазирлик
Ҳокимлик мансабдор шахсларининг нотўғри қарорлари ва ноқонуний топшириқлари оқибатида кўчирилган дарахтлар келгусида нобуд бўлиши хавфи юқори бўлган ер майдонларига экилган. Тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш мақсадида Бош прокуратурага юборилди, деб хабар бермоқда Экология вазирлиги

Фото: Kun.uz
Экологик назорат инспекцияси томонидан Қувасой шаҳрининг Ҳувайдо маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтган “Бешолиш” сой бўйидан 270 туп кўпйиллик соғлом дарахтлар ноқонуний кўчирилиши ҳолати бўйича тегишли ўрганиш ишлари ўтказилган. Бу ҳақда Экология вазирлиги маълум қилди.
Ўрганиш натижаларига кўра ушбу ер майдонида кўпйиллик қимматбаҳо дарахтлар мавжудлигига қарамасдан, 2025 йил 22 январда Қувасой шаҳар ҳокими томонидан аукцион савдоларига чиқариладиган ер участкаларига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги қарор қабул қилинган.

Шунингдек, ушбу ер майдонида кўп қаватли турар жой бинолари, йирик универсал ва ихтисослаштирилган савдо дўконлари, супермаркетлар, ресторанлар қуриш лойиҳасини амалга ошириш ва аукцион савдоларига чиқариш мақсадида ер майдони 2 та лотга бўлинган ҳолда “Yerelektron” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилган.
Келишиш жараёнида Қувасой шаҳар экология бўлими томонидан 2025 йил 3 февралда “Yerelektron” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали кўпйиллик дарахтлар мавжуд бўлгани сабабли ушбу ер майдонида лойиҳани амалга ошириш мумкин эмаслиги кўрсатилган ва рад жавоби берилган. Шунга қарамасдан, Қувасой шаҳар ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари в.б. Н.М.нинг топшириғига асосан 11–14 феврал кунлари шаҳар ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан махсус техникалар ёрдамида 270 туп (сасна, каштан, каталпа, Япон сафораси, тут, айлант) дарахт 16 та жойга ноқонуний равишда кўчириб ўтқазилган. 9 туп дарахт кўчириш жараёнида нобуд қилинган.


Шунингдек, ҳокимлик мансабдор шахсларининг нотўғри қарорлари ва ноқонуний топшириқлари оқибатида кўчирилган дарахтлар келгусида нобуд бўлиши хавфи юқори бўлган ер майдонларига экилган.
Дарахтларни ноқонуний кўчириш натижасида табиатга умумий 1 млрд 829 млн 437 минг 500 сўм зарар етказилгани аниқланди.
Вазирлик тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш мақсадида Бош прокуратурага юборилганини билдирди. Аммо Бош прокуратура ҳали ўрганиш натижасини маълум қилгани йўқ.
Kun.uz олдинроқ Қувасой шаҳар прокуратурасининг шундоққина қаршисида юзлаб дарахтлар “кўчириб ўтқазиш” баҳонаси билан қўпориб ташлангани ҳақида суриштирув эълон қилганди. Кейинчалик бу ҳудуд аслида яшил жамоат парки экани маълум бўлди.
Мавзуга оид

16:12 / 10.04.2025
Экологик носоз автомобиллар ҳайдовчиларига чора кўрилади

16:55 / 08.04.2025
Пойтахтнинг Қорасарой кўчасида дарахтлар кўчирилмоқда. Агротехник талаблар бузилган

21:44 / 04.04.2025
“Гулзор қилиб қўйганди, энди у йўқ” – Сурхондарёда 200 туп дарахт йўқ қилингани айтилмоқда

17:33 / 29.03.2025