Камбағал шўхлик қилса – жиноят...

Оддий одамлар (ҳоким ёки бошқа мансабдор бўлмаганлар) экологияга етказган зарар учун қандай чора кўрилгани ҳақидаги учта ҳолатга эътиборингизни қаратамиз:

1) Навоий вилоятининг Томди туманидаги “эчки воқеаси” кўпчиликнинг ёдида. Унда экологлар эчкиси кичик ниҳолнинг баргини егани учун фуқарони 1 млн 650 минг сўм жаримага тортганди.

2) Фарғона туманида яшовчи 62 ёшли фуқаро бундан 25 йил аввал ўтқазилган, ўзи парваришлаб келган, 2 йил олдин қуришни бошлаган тол дарахтини кесган. У кесилган дарахтни майдалаб, ўтин ҳолатига келтириб, боғчага берган.

Ҳолат юзасидан туман экология бўлими фуқарони БҲМнинг 25 баравари, яъни 9 млн 375 минг сўм жаримага тортган. Бундан норози бўлган Х.Қ. судга мурожаат қилган. У шикоятида муқим даромад манбаига эга эмаслиги, оилада ягона боқувчи экани ва ҳуқуқбузарликни қасддан содир қилмаганини айтган.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг 2025 йил 18 февралдаги қарори билан, фуқарога тайинланган жарима жазоси камайтирилиб, БҲМнинг 3 бараварига (1 млн 125 минг сўм) туширилган.

3) Қува туманида яшовчи У.С. ҳоким томонидан унга бириктирилган ерга 600 туп павлония ўтқазади. Аммо уларнинг 140 тупи қуриб қолади. Қува тумани экология бўлими эса павлония қуриб қолгани учун унга БҲМнинг 10 баравари миқдорида жарима қўллайди. Бу жарима суд қарори билан БҲМнинг 1 бараварига туширилган. (Юқоридаги иккита ҳолат бўйича суд қарорлари Kun.uz ихтиёрида мавжуд).

Бой жиноят қилса – шўхлик

Қувасой шаҳар прокуратурасининг шундоққина қаршисида юзлаб дарахтлар шаҳар ҳокими Зафар Тўрақуловнинг шахсий ташаббуси билан “кўчириб ўтқазиш” баҳонасида қўпориб ташланди. “Қабристонларга кўчирилди” дейилган дарахтларнинг кейинги тақдири номаълум.

Бу дарахтларни бошқа жойга кўчириб ўтқазиш учун экология органидан розилик олинмаган. Буни Фарғона вилояти Экология бошқармаси раҳбари Баҳром Жуманов ҳам тасдиқлади. Ҳоким Зафар Тўрақулов эса дарахтларни кўчиришдан аввал шаҳар экология бўлимидан оғзаки (!) рухсат олинганини айтди.

Дарахтлари қўпорилган майдон яшил жамоат парки бўлган