Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2026 йилда 200 миллион долларга 800 та пахта териш машинаси харид қилинади
Президент Шавкат Мирзиёев 9 декабр куни пахтачилик ва ғаллачиликни молиялаштиришни самарали ташкил этиш ҳамда аграр соҳада субсидиялар ажратиш янги тизими юзасидан тақдимот билан танишди.
Қайд этилганидек, пахтачилик ва ғаллачиликни молиялаштириш, қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлаш ва сув тежовчи технологияларни жорий этишга жами 29 триллион сўм ажратилди. Соҳага 2,35 триллион сўм субсидиялар йўналтирилди.
Ўз маблағидан пахта етиштирган хўжаликларга пахта қийматининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратилиши натижасида 3430 фермер ва кластерлар 151 минг гектар майдонда ўз маблағи ҳисобидан пахта етиштирди ва 1,9 триллион сўм ресурс тежалди.
Келгуси йилда пахта ва ғалла ҳосили, субсидия ва бошқа харажатларга жами 34,2 триллион сўм ажратиш режалаштирилгани, қўшимча 200 миллион доллар маблағ жалб қилиб, 800 та пахта териш машинаси харид қилиниши маълум қилинди. Бу борада жорий қилиниши таклиф этилаётгани янги қўллаб-қувватлаш механизмлари кўриб чиқилди.

Жумладан, 2026 йилда агротехник тадбирлар, шу жумладан плёнка ва эгилувчан қувурлар учун қўшимча 5 триллион сўм ажратиш таклиф қилинди. Ҳосил етиштиришда кредит лимитининг 50 фоизигача фойдаланганда, сотилган пахта қийматининг 5 фоизи миқдорида субсидия ажратилса, ўз маблағи ва қисман кредит ҳисобидан ҳосил етиштирадиган фермерлар сони 4-4,5 мингга етиши ва уларнинг 2,5-3 триллион сўм маблағи иқтисод бўлиши таъкидланди.
Шунингдек, ўз маблағи ҳисобидан буғдой етиштирган фермерларга 10 фоиз субсидия ажратиш ташаббуси билдирилди.
Аввалроқ, аграр соҳада давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Аграр соҳада тўловлар агентлиги ташкил этилди. Тақдимотда агентликка юклатилган вазифалар ижроси қандай ташкил этилиши кўриб чиқилди.

Ҳозирги вақтда қишлоқ хўжалигида 52 турдаги субсидия ажратилмоқда. Янги тизимда ушбу жараён тубдан соддалаштирилиб, инсон омили тубдан қисқартирилиб, бюрократия камайтирилади, аризаларни кўриб чиқиш тўлиқ рақамлаштирилади ва барча жараёнлар “Агропортал” орқали амалга оширилади.
Бунинг учун, “Агросубсидия” ахборот тизимига 10 дан ортиқ вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари интеграция қилинади.
Жумладан, 2026 йил учун мўлжалланган 1,3 триллион сўмлик субсидияларни талабгорлар иштироки зарур бўлмаган ҳолда давлат идоралари томонидан проактив тарзда, қолган субсидиялар айрим келишиш, хулоса олиш ва ҳужжатларни расмийлаштириш босқичларини чиқариб ташлаган ҳолда соддалаштирилган тартибда, ортиқча оворагарчиликсиз берилади. Натижада субсидия ажратиш муддатлари кескин қисқаради.
Давлат раҳбари молиялаштириш механизмларини янада такомиллаштириш, субсидияларнинг манзиллилиги ва тезкорлигини таъминлаш, барча жараёнларни рақамлаштириш ва фермерлар учун қулай шароит яратиш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди.
Мавзуга оид
22:17 / 13.12.2025
“Қишлоқ хўжалигининг тақдири ва келажаги – бутун мамлакатимизнинг тақдири ва келажагидир”. Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги ходимларига табрик йўллади
21:33 / 12.12.2025
Президентнинг Туркманистонга амалий ташрифи якунланди
13:31 / 12.12.2025
Шавкат Мирзиёев: Марказий Осиё — тинчлик ва яхши қўшничилик макони
11:13 / 12.12.2025