Президент фармони билан шу йил май ойигача “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилиши керак эди. Ижрочи – Акмал Бурҳонов бошлиқ Антикоррупция агентлиги. Июлнинг ўртасига ҳам келдикки, лойиҳадан дарак йўқ. Kun.uz қабул қилиниши 8 йилдан буён ортга суриб келинаётган қонуннинг аҳамияти, қолаверса, яна бошқа муҳим масалалар ҳақида фаоллар билан суҳбатлашди.

2017 йилдан бери “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилиниши кутилади. Шу йил 5 март куни президент бошчилигида коррупция масалаларига бағишланган кенгайтирилган йиғилишда бу масалага узил-кесил нуқта қўйилиб, ҳужжат май ойида тайёр қилиниши юзасидан топшириқ берилганди. Бу давлат раҳбарининг тегишли фармони билан ҳам мустаҳкамланди.

Аммо июл ойи келдиямки, қонундан дарак йўқ. Хўш, нима сабаб бу кечиктириляпти, ўзи бу қонун бизга нега керак эди, бундан ташқари, шу йил январдан кучга кирган “Манфаатлар тўқнашуви” тўғрисидаги қонун қандай ишлаяпти? Kun.uz шу каби саволлар билан сиёсатшунос Ҳамид Содиқ ҳамда ҳуқуқшунос Жавоншер Рустамовга юзланди. Қуйида суҳбатдан қисқа шарҳ келтирилади.

Давлат ҳокимияти органлари ходимларининг пуллари назорат қилиб турилиши керак”

Ҳамид Содиқ суҳбат аввалида нима сабаб ҳокимият бошқарувчиларининг мол-мулки декларация қилиниши лозимлигини тушунтиришга уринди.

Унинг айтишича, давлатчилик босқичларидан келиб чиқилса, модерн дунёда ҳокимият инсонга тегишли деб ҳисоблана бошланган, шунга мувофиқ ундан келадиган ресурс ва пуллар ҳам халқникидир.

Жон Локк деган олим бошқарув ҳақида иккита трактат ёзади ва бу либерализмнинг асосини ташкил қилади. Oлдин ҳокимият хонга, подшоҳга, императорга бутунлай тегишли бўладиган бўлса, энди ҳар биримизга тегишли деган концепцияни илгари сурди. Ҳар биримизга тегишли ва умумий олганимизда ҳокимият халққа тегишли, деди.