Kun.uz билан суҳбатда бўлган ҳам божхона, ҳам фармацевтика соҳасидан бохабар мутахассис буни сотиш билан боғлиқ монополия юзага келгани билан боғламоқда. Унинг айтишича, импорт дориларнинг катта қисми фақат бир гуруҳ етказиб берувчилар томонидан чакана сотувчиларга тақсимланади. Қолаверса, мамлакатда белгиланган референт нархларининг ўзи арзон эмаслиги сабаб ҳам одамлар дориларни қиммат олишга мажбур экани айтилмоқда.

Жорий йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистонга олиб кирилаётган дори воситаларини улгуржи ва чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорларга фақат импорт қилувчи ташкилот ёки унинг расмий дилерлари электрон ҳисобварақ-фактура асосида сотиши мумкин бўлади.

Шунингдек, дориларни маркировкадан ўтказиш ҳам мажбурий қилиб белгиланди. Kun.uz билан суҳбатда бўлган ҳам божхона, ҳам фармацевтика соҳасидан хабардор мутахассис Элдор Аъзамов сотиш билан боғлиқ талаблар ҳужжат имзоланишидан аввал ҳам амалда бўлиб келганини айтмоқда. Таҳририят бу галги суҳбатдоши орқали Ўзбекистонда дори воситалари нима сабаб қиммат эканини тушунишга уринди.

Маълумот учун, Элдор Аъзамов 2016 йилда Олий ҳарбий божхона институтини тамомлаган, бир муддат чегара божхона постида ишлаган. Кейинроқ эса Фармацевтика институтида таҳсил олган. Ҳозирда дорихонада сотувчи сифатида фаолият юритади.

Четда дори арзон, нега?

Суҳбатдошга кўра, Ўзбекистон чегара божхона постларида бошқа маҳсулот, товарлар сингари дори воситаларининг олиб келиниши ҳам унинг четга чиқиб кетишидан кўра кўпроқ учрайди. Аъзамов бу ҳолатни бошқа давлатлардаги дори нархлари арзон экани билан изоҳлади.

Масалан, Ўзбекистонга дорилар Европадан, Ҳиндистон, Туркия, Россия каби бир қатор давлатлардан кириб келади. Лекин бизлардаги нарх билан қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистонни солиштирсангиз, нархлар баланд. Мисол учун, Plavix деган таблетка 75 мг, 28 дона Ўзбекистонда ўртача нархи 19 доллардан 23 долларгача атрофида туради. Қозоғистонда 15 доллар атрофида, Тожикистонда 11-18 доллар атрофида, Россияда 9 доллар, Туркияда бор-йўғи 7,5 доллар атрофида туради. Бу – ўртача тахминий нарх.