Андижоннинг Булоқбоши туманидаги Дўлан маҳалласидаги сўритокларига узумлари бўйлаган оддий ўзбек хонадони вакили ғалабасига бутун юрт  кўз тиккан оқшом хонадон аҳли билан бирга бўлдик.
Учрашув арафасида Ҳасанбойнинг отаси Маъруфжон ака ва онаси Дилнозахон опалар нигоҳида ғалати хавотирни кўрдим. Улар қалбида – Бугун Хасанбой ғалаба қозониб, олтин медал олармикан? деган савол эмас, балки жигарбандини фақат ғалаба кутаётган Ўзбекистон аҳлининг ишончини қозониши ҳақидаги ўй эди, бу. Боксчимизнинг иккита укасида эса бошқача кайфият – Акам, албатта олтин медални олади,-дейди Исломбек ва Фарёзбеклар.

Баҳс бошланишига яқин қолганида хонадон саҳни маҳалладаги ёру-биродарлар билан тўлиб бўлган эди. Хасанбойни рингга дуо билан кузатиб қолдилар.
Онаизор Дилноза опа ўғли Хасанбой рингга тушса, телевизор қаршисида ўтира олмас экан. Уни тушуниш мумкин. Қайси она дилбанди курашга тушганида унга берилган зарбаларга нигоҳ ташлаб ўтира оларди... Боксчилар рингга кўтарилиши билан опа бошқа хонага чиқиб кетди. У ойнаи жаҳонни кўрмасада бутун вужуди билан Хасанбой билан бирга эди... 

 Боксчимизнинг яқинлари билан дастурхон атрофида давра қуриб, финал баҳсини кутамиз. Ташқари ҳовлидаги телевизор қаршисида маҳалла-кўй тўпланган. Тўғриси, ўзбек ўғлони финал баҳсини енгил ўтказгандек... Чунки, ҳар томонлама юқори савиядаги тайёргарликка эга атлетимиз рақибидан барча жабҳаларда устун эди. Маҳалладошлар унинг ҳар бир зарбасини қарсаклар билан қарши олишар, қарсаклар сони эса борган сари кўпайиб борди. Биринчи раунддан сўнг баҳолар эълон қилингач, ҳамма суюнган бўлса, иккинчи раунддан сўнг барчамиз енгил тин олдик. Узоқ кутилган олтин медалнинг иси энди аниқ димоққа урарди. Ҳакам Мустақил Ўзбекистон вакили бўлган Хасанбойнинг қўлини юқорига кўтарганида бутун юрт инсонларининг ғурури кўкка парвоз этди, гўё...

Дўлан маҳалласи кўчалари тумандошлар ва Андижоннинг турли бурчакларидан табриклаш учун келган меҳмонлар билан тўлиб кетган. Тумонат одам – Ўзбекистон! Ўзбекистон!,-дея чемпионни олқишлар, катта байрам бошланиб, бир зумда карнай-сурнайч садолари янгради.