Спорт | 16:30 / 24.08.2016
12484
2 дақиқада ўқилади

Андижонда паралимпиячиларни кузатиш маросими ўтказилди

Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларидан ёруғ юз билан қайтишди. Энди навбат – XV Паралимпия ўйинларига.

Мусобақалар дастуридаги енгил атлетика бўйича Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилувчи жамоа сўнгги тайёргарлик машғулотларини Андижондаги спорт мажмуаларида ўтказди.

23 август куни Андижон Олимпия захиралари коллежи манежида  жамоанинг «Рио-2016»га  жўнаб кетиши олдидан кузатиш маросими бўлиб ўтди. Анжуман иштирокчиларини вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов қизғин муборакбод этиб, республика олимпиадачиларининг Бразилияда қўлга киритган ажойиб ютуғи ҳақида фахр билан сўзлади ва  паралимпиячиларнинг ҳам катта ғалабаларга эришишига ишонч билдирди.

Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилувчи енгил атлетикачилар ва уларнинг мураббийларига  қимматбаҳо совғалар топширилди.

Кореяда ўтказилган ПараОсиё ўйинлари ғолиби ва рекордчиси, халқаро тоифадаги спорт устаси, андижонлик Мавлон Ҳайдаров, фарғоналик Дилафруз Аҳмаджонова Рио-де-Жанейродан медаллар билан қайтишга сўз беришди. Енгил атлетика бўйича республика ногирон спортчилар терма жамоаси бош мураббийи Сардор  Абдураҳмонов сўнги машқлар Андижонда муваффақиятли ўтгани учун  миннатдорлик билдирди.

"Андижонда ўтказилган йиғин чоғида вилоят ҳокимлигининг доимий эътиборини яқиндан ҳис этиб турдик.  Андижонлик олимпиадачиларнинг «Рио-2016»даги оламшумул ютуқлари кўп жиҳатдан  ана шундай эътиборнинг меваси эканини айтиб ўтиш жоиз", – деган у.

Элмурод Эрматов, Андижон

Мавзуга оид