Жаҳон | 10:11 / 23.09.2016
6508
2 дақиқада ўқилади

Япония бош вазири ака-ука Кастро билан учрашди

Айни вақтда Кубада расмий ташриф билан бўлиб турган Япония бош вазири Шинзо Абэ пайшанба куни Куба инқилоби етакчиси Фидель Кастро билан учрашди.

Учрашув чоғида япониялик мартабали меҳмон Кастроларнинг каттасига бу мамлакатга Япония раҳбарининг илк ташрифига имконият яратиб бергани учун миннатдорчилик билдириб ўтган.

Granma портали хабарига кўра, томонлар икки томонлама муносабатларнинг ривожлантирилиши масаласини муҳокама қилган ва замонавий дунёга хавф солиб турган таҳдидлар ҳақида фикр алмашишган. Хусусан, ядро қуролидан воз кечишнинг муҳимлиги қайд этиб ўтилган.

Шу куннинг ўзида Шинзо Абэ Куба давлат кенгаши раиси Рауль Кастро билан учрашув ўтказган. Томонлар икки томонлама алоқаларни янада ривожлантиришдан бирдек манфаатдор эканликларини таъкидлаб ўтишган.

Японияда "Озодлик ороли"га қизиқиш Куба ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар 2014 йилнинг декабрида илиқлаша бошлагани ортидан юзага келди. Эндиликда Куба Японияда истиқболли ҳамкор сифатида кўрилмоқда ва японлар бу мамлакатга инвестициялар киритиш тадоригида.

2015 йилнинг майида Япония ташқи ишлар вазири Фумида Кусида Кубага ташрифини амалга оширганди. У бу мамлакатга келган илк юқори мартабали амалдор бўлганди.

Мавзуга оид