Фан-техника | 18:47 / 23.09.2016
6802
2 дақиқада ўқилади

Smart компанияси янги электромобилларини намойиш этди

Smart компанияси барча моделларининг электрли намуналарини намойиш этди. Уларнинг илк расмий тақдимоти сентябрь ойи охирида Париж автосалонида бўлиб ўтади. Хусусан, сўнгги авлод Smart ForTwo электромобили бир марта қувват олиши билан 160 километрни ортда қолдира олади, ForFour ва ForTwo cabrio моделлари эса бироз камроқ, 155 кмдан кейин қувватланиши керак бўлади. 

Моделларга уч фазали электр двигатель ўрнатилган бўлиб, орқа ғилдираклар ёрдамида машинани ҳаракатга келтиради. Мотор кучи 81 от кучига эга. ForTwo 11,5 сонияда юзга чиқса, ForTwo cabrio — 11,8 сонияда шу кўрсаткичга етади, ForFour моделининг бу борадаги натижаси —12,7 сониядир. Барчасининг тезлиги соатига 130 км билан чегараланган. 

Электрли «Смарт»лар 17,6 кВт-соатлик литий ион батареядан қувват олади. Уларни икки ярим соат мобайнида тўлиқ қувватлаш мумкин. 2017 йилда уларга 45 дақиқада қувватланадиган янги аккумулятор ўрнатилиши айтилмоқда. 

Улар, шунингдек, бошқаришда ёрдам берувчи ECO электроникаси билан жиҳозланган. У, баъзи созламалар воситасида электр қувватини тежаш имконини беради. Бундан ташқари, электрли «Смарт»лар рекуперлаш тизимига ҳам эга. 

Булардан ташқари, иқлим созламалари кабиларни мобиль иловада ҳам бошқариш мумкин. Унинг интерьер ва экстерьерига Brabus компаниясининг айрим маҳсулотлари билан жило берилади.

«Смарт» электромобилларининг савдоси 2017 йилда бошланиши режалаштирилган. Унинг энг арзони 21 минг 940 евро, қиммати 25 минг 200 еврога баҳоланмоқда.

Мавзуга оид