“Манчестер Юнайтед” – “Лестер”, “Арсенал” – “Челси” ва дам олиш кунлари ўтказиб юбориб бўлмас ўйинлар
23-24 сентябрь кунлари Европада миллий чемпионат ўйинлари давом эттирилади. Футбол мухлисларини бир қатор қизиқарли ўйинлар кутмоқда.
АПЛ. “Манчестер Юнайтед” – “Лестер” (Шанба, 24 сентябрь. “Матч ТВ”, “Матч!”, “Футбол 1”. 16:30)
АПЛ 6-турининг марказий учрашувларидан бири Манчестер шаҳрида бўлиб ўтади. “Манчестер Юнайтед” амалдаги чемпион “Лестер”ни қабул қилади. Август ойида бу жамоалар Англия Суперкубогида ўзаро тўқнаш келишган эди. Ўшанда “манкунианликлар” 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, кубокни Манчестер шаҳрига олиб кетганди. Эндиликда улар чемпионатда ўзаро тўқнаш келади. Жозе Моуриньо шогирдлари АПЛнинг ортда қолган иккита ўйинида мағлубиятга учраган эди. “Лестер” эса аввалги турда уйда “Бернли” устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. “МЮ” охирги турдаги омадсизликлардан сўнг танқидлар остида қолди. Бугунги ўйинда Жозе Моуриньо жамоаси аввалги турдаги мағлубиятлар шунчаки тасодиф бўлганлигини амалда исботлаши талаб қилинади. “Лестер” эса аста-секин ўз ўйинларини намойиш қила бошламоқда.
РФПЛ. “ЦСКА” – “Краснодар” (Шанба, 24 сентябрь. “Матч ТВ”, “Наш футбол”. 19:00)
Бош мураббийсиз қолган “Краснодар” охирги учта ўйинда фақат ғалаба қозонди. ЦСКА эса чемпионатни яхши бошлаган ва ҳозирда 2-ўринда бормоқда. Бироқ клуб Россия Кубогидан чиқиб кетди. Эндиликда москваликлар бор эътиборларини чемпионатга қаратишлари табиий. Умуман олганда, бир-бирига муносиб рақиблар тўқнашади. Чунки улар шу кунга қадар чемпионатда 12 бор ўзаро баҳс юритган. Улардан бештасида москваликлар ғалаба қозонган бўлса, тўртта баҳсда “Краснодар” устунлик қилган. Учта ўйинда томонлар муроса кўчасини танлашган.
АПЛ. “Арсенал” – “Челси” (Шанба, 24 сентябрь. “Матч ТВ”, “Матч!”, “Футбол 1”. 21:30)
Лондон дербисининг навбатдаги тўқнашуви. “Арсенал” доимий рақиби бўлган “Челси”га қарши баҳс юритади. Икки жамоа айни пайтда турнир жадвалида ёнма-ён турибди. Антонио Конте “Челси”ни қабул қилганидан сўнг жамоа тубдан ўзгарди. Тўғри, “аристократлар” аввалги турда “Ливерпуль”га имкониятни бой берган бўлишига қарамай, чемпионатни яхши бошлаган. “Арсенал” ҳам турдан-турга натижаларини яхшиламоқда. Икки жамоанинг ўйинлар статистикасига назар солсак, устунлик “Арсенал”да эканлигини кўриш мумкин. “Тўпчилар” 72 бор “Челси”ни мағлуб қилган. “Челси” эса азалий рақибидан 61 ўйинда устун келган.
РФПЛ. “Ростов” – “Локомотив” (Шанба, 24 сентябрь. “Матч ТВ”, “Наш Футбол”. 23:30)
Виталий Денисов тўп сураётган “Локомотив” жамоаси бу турда “Ростов” меҳмони бўлади. Бу учрашувнинг аҳамияти бор. Денисов “Ростов” ҳужумчиси Сердар Азмунга қарши ўйнайди. Мазкур ўйин орқали Денисов 6 октябрда Эронга қарши бўладиган баҳс олдидан Азмуннинг имкониятларини чамалаб олади. “Ростов” чемпионатнинг ортда қолган еттита турида уч бор ғалаба қозонди ва шунча ўйинда мағлубиятга учради. Яна бир ўйинда дуранг қайд этди. “Локомотив” эса бор-йўғи битта учрашувда ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқди. “Темирйўлчилар” мавсумни ишончсизроқ бошлади. “Ростов”га қарши баҳс уларнинг ишончларини қайтариш мумкин.
А Серия. “Фиорентина” – “Милан” (Якшанба, 25 сентябрь. “Матч!” “Футбол 2”, 23:45)
Винценсо Монтелла “Милан” бошқарувида ўзининг собиқ жамоаси “Фиорентина”га қарши ўйнайди. Эртага бўлиб ўтадиган учрашувда икки жамоанинг ҳам кучлари деярли тенг. “Милан” мавсум стартини яхши бошлаганди эди. Бироқ аввалги турларда кутилмаганда “россонерилар” икки бор мағлубиятга учради. “Милан” ҳужумчиси Карлос Бакка эса мавсумни ажойиб бошлаб, қатор голларни уришда давом этмоқда. Хуллас, А Сериянинг муҳим ўйинларидан бири бўлиши табиий.
Манба: Tribuna.Uz
Мавзуга оид
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
12:33 / 03.11.2024
АПЛда сенсациялар куни, Ҳусановда илк қизил. Кун ўйинлари
16:20 / 02.11.2024
«МЮ»да янги бош мураббий. Клуб Рубен Аморимни танлашига 4 сабаб
14:31 / 02.11.2024