Мамлакатимизнинг Лондондаги элчихонасида Ўзбекистоннинг замонавий ривожланиши мавзусига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда Буюк Британиянинг ижтимоий-сиёсий ва эксперт доиралари вакиллари қатнашдилар.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ташқи сиёсий масалалар бўйича қўмитаси раиси Содиқ Сафоев асосий маъруза билан иштирок этди.

Брифинг чоғида унинг иштирокчилари мамлакатимизда бугунги кунда кечаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ҳамда республикамиз халқаро ҳамкорлигидаги устуворликларга доир батафсил маълумотлар билан яқиндан танишдилар. Ўзбекистон бозор иқтисодиёти ва кучли фуқаролик жамияти асосидаги дунёвий демократик давлат барпо этиш тамойилларига содиқ эканлиги таъкидланди. Шу билан бирга, тадбир чоғида мамлакатимиз ҳукуматининг тадбиркорликни, инфратузилмалар ҳамда ижтимоий хизматлар кўрсатилишини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган сўнгги қарорларининг аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. 

Юқоридагилардан ташқари, мамлакатимизда жорий йилнинг 4-декабрида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловларига тайёргарликнинг бориши ҳамда 18-19-октябр кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси якунларига доир маълумотлар ҳам брифинг қатнашчиларининг эътиборига ҳавола этилди.

“Патҳфиндер” компанияси директори Майкл Томас ўз чиқишида Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов улуғ етакчилик фазилатларига эга бўлгани туфайли 25 йил ичида гуллаб-яшнаётган давлатни барпо этишга эришилганини қайд этди. 

“Ислом Каримов томонидан таклиф этилган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашига Ўзбекистон Республикаси раислиги мавзуси ва устуворликлари мустақил давлатни барпо этишга бўлган ёндошувларнинг тамойиллари билан уйғундир. “Бу маънавий меросга ҳурмат билан муносабатда бўлиш ва барқарорлик ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг асосий шарти эканлигини англатади”, деди М.Томас.

Унинг таъкидлашича, Марказий Осиёнинг буюк алломалари ва мутафаккирлари билимларини ҳамда уларнинг замонавий илм-фан ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаларини тарғиб қилиш юзасидан бошланган ишларни давом эттириш фавқулодда муҳим ҳисобланадики, бу Ўзбекистонни ва бутун ислом дунёсини яхши тушунишга хизмат қилмоғи лозим.

Британия компанияси раҳбари Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарорига ҳамда иқтисодий ҳамкорлик масалалари мамлакатимизнинг ИҲТ раислигидаги устуворликлари рўйхатига киритилганини юқори баҳолади.