Ўзбекистон | 10:27 / 19.12.2016
154401
2 дақиқада ўқилади

Вилоят ҳокимлари ишдан олинишининг асосий сабаби маълум қилинди

Ўтган ҳафтада Ўзбекистонда бирин-кетин тўрт вилоят раҳбари ўзгарди – Тошкент, Сирдарё, Сурхондарё ва Бухоро вилоятлари ҳокимлари вазифасидан озод этилиб, уларнинг ўрнига янги ҳокимлар тайинланди. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг фейсбукдаги саҳифасида ҳокимларнинг алмашинуви сабаби маълум қилинган.

«2 кунда 4та вилоят ҳокими ишдан олинди ва виртуал қабулхонадан келаётган мурожаатлар билан ишлаш ҳолати уларнинг энг асосий камчиликларидан бири сифатида таъкидланди!», — дейилади саҳифада.

Маълумот учун, Шавкат Мирзиёев давлат раҳбарлигини қабул қилганидан кейин виртуал қабулхонасини очган эди. Виртуал қабулхона фаолият бошлаганидан 2 ой ичида, 25 сентябрдан 30 ноябрга қадар порталга 220 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган. Аксарият мурожаатларда кўрсатилган муаммолар тез вақт ичида самарали ҳал этилган.

Шундан сўнг Мирзиёев барча шаҳар ва туманларда «халқ қабулхоналари» очишни, барча раҳбарлардан «халққа яқинроқ бўлиб, халқ дардига қулоқ тутишни» талаб қилди.

Шунингдек, Ўзбекистонда «Давлат хизмати тўғрисида» қонун ишлаб чиқарилмоқда, унга кўра, ўз вазифасига лаёқатли бўлмаган амалдорлар маъмурий ва жиноий жазога тортилиши мумкин. Янги йилнинг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» деб эълон қилиниши ҳам ушбу йўналишда ҳали ишлар давом эттирилишини англатади. Президент бу дастур доирасидаги ишлар фақат 2017 йилда эмас, кейинги 5 йилда ҳам давом эттирилишини айтиб ўтган.

Тошкент вилоятига янги ҳоким тайинланди

Сирдарё вилояти ҳокими ўзгарди

Сурхондарё вилоятига янги ҳоким тайинланди

Бухоро вилоятида ҳоким ўзгарди

Мавзуга оид