NASA аэрокосмик агентлиги Марсга доир режалар тузаётган ягона космик агентлик эмас. Бутун дунё бўйлаб бир неча бошқа хусусий ва давлат компаниялари ҳам Қизил сайёрани забт этишни кўзлашмоқда. Марсга доир барча ғоялар ҳақида ёзиш мумкин, бироқ уларнинг аксарияти реалликдан анча йироқ ёки кичик кўламли лойиҳалар ҳисобланади. High News нашри яқин 10-20 йилда Марсга боғлиқ қандай космик режалар кутилаётгани ҳақида маълум қилди. 

NASA дастурлари

Агентлик олдида Марсга чиқишдан аввал ҳал қилиш керак бўлган кўплаб масалалар ва вазифалар турибди. Уларнинг орасида энг муҳимларидан бири - ҳаётий таъминот тизимлар технологиясини модернизациялаш ва синовдан ўтказиш, шунингдек Space Launch System (SLS) лойиҳаси қурилишини тугаллаш вазифаси. Space Launch System (SLS) - Ой ва Марсга парвозлар учун мўлжалланган кўп профилли ҳаддан зиёд оғир ташувчи-ракета. Тизимнинг биринчи синов парвози 2018 йилнинг охирида амалга оширилади. 

NASA одамларни Марсга чиқаришдан олдин яна бир неча учувчисиз космик миссияларни ишга туширишни режалаштирмоқда. InSight (Interior Exploration using Seismic Investigations, Geodesy and Heat Transport) уларнинг биринчиси бўлади, у Discovery дастури доирасида 2018 йил охирида ишга туширилади. Миссия вазифаси Марсга тадқиқот модулини етказишдан иборат бўлади, мақсад - Қизил сайёранинг ички таркибини ўрганиш. 

Қўниш аппаратлари ҳақида гап кетганда, NASA'нинг 2020 йилда Қизил сайёрага янги марсоходини қўндириш режалари ҳақида унутмаслик керак.  Америка космик агентлигига ишонадиган бўлсак, янги ровер энг илғор илмий ускуналар билан жиҳозланган бўлади. 

ЭкзоМарс миссияси: иккинчи қисм

Жорий йилда ЭкзоМарс космик миссиясининг биринчи қисми доирасида ўтказилган модулнинг муваффақиятсиз синовларидан кейин Европа космик агентлиги (ЕКА) ушбу дастурнинг иккинчи қисмини амалга ошириш истагини сўндирмади. 2020 йилда ЕКА Марсга янги турли илмий ускуналар билан жиҳозланган марсоходни қўндиришни режалаштирмоқда. Бу олимларга Қизил сайёранинг тузилишини ўрганиш, шунингдек экзобиологик ва геокимёвий таҳлиллар ўтказишга ёрдам беради. 

Россиянинг «Роскосмос» космик агентлиги миссиянинг биринчи қисмидаги каби Европа космик агентлигининг ҳамкори сифатида иштирок этмоқда. Россия миссиянинг "мушаклари" - марсоходни Қизил сайёрага етказувчи «Протон-М» ракета-ташувчиси учун жавоб беради. Бундан ташқари, марсоходнинг икки ускунаси ҳам Россия томонидан таъминланади.